Филиппин ҳукумати 350 нусхада яратилган ноёб McLaren 620R’ni бульдозер билан янчиб ташлади. Суперкар орол-мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган — декларацияда автомобиль Porsche Cayman дея кўрсатилган, бу эса машина эгасига солиқ йиғимларини тежашга ёрдам берган. Бироқ фирибгарлик фош этилган ва божхона бошқармаси купени намойишкорона йўқ қилган, деб хабар беради Motor.
McLaren 620R — пойга учун мўлжалланган 570С GT4 купесининг оддий йўлларда ҳаракатланишга қодир махсус версияси. Модель 2020 йилнинг бошидан ишлаб чиқарилган, июль ойида эса Филиппин портида янги икки эшикли машина ҳибсга олинган.
Бульдозер ёрдамида йўқ қилинган бошқа автомобиллар қаторидан Bentley Continental Flying Spur, Hyundai Genesis, Lotus Elise, Mercedes-Benz SLK, Porsche 911 ва Toyota Camry Solara ҳам ўрин олган. Матбуот жалб этилмаган ҳолда ўша куннинг ўзида мамлакат ҳудудида ноқонуний равишда олиб келинган 14 та Mitsubishi йўлтанламаслари ҳам яксон қилинган.
Филиппин ҳукумати контрабанда автомобилларини 2017 йилдан буён йўқ қилиб келади. Божхона бошқармаси тез-тез жуда ноёб ва ноодатий моделларни бульдозер ковши остига қўяди — ҳозирга қадар BMW Z1, Ferrari 360 Spider, Lamborghini Ballaro каби моделлар пачақланган. Аммо McLaren 620R — тўрт йил ичида прессланган энг ноёб ва қиммат машиналардан бири ҳисобланади.
Изоҳ (0)