Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг мутахассислари томонидан марказнинг вилоят филиалида хоразмлик шифокорлар билан биргаликда буйрак трансплантацияси амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Бу ҳақда ССВ маълум қилди.
«Марказимиз томонидан қисқа вақт ичида 137 марта ўтказилаётган бундай ноёб амалиёт илк бор вилоятда бажарилиши тарихий аҳамиятга эга. Мақсадимиз чекка ҳудудлар аҳолисини ортиқча оворагарчиликларсиз яшаш жойининг ўзида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.
Очиғи, олдинлари вилоятларда ҳам одам аъзоларини кўчириб ўтказишдек мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, дейилса ишониш қийин эди. Бугун ана шу кўп йиллик орзу ҳақиқатга айланди», — дейди марказ бош директори Даврон Туляганов.
Тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Ҳожибоев раҳбарлик қилган амалиёт жараёнлари қарийб беш соат давом этди. Боғот туманида яшовчи 33 ёшли Юлдуз Рўзметова ўз турмуш ўртоғи 36 ёшли Мардон Полвоновга бир буйрагини берди. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.
«Турмуш ўртоғим бир йилдан буён гемодиализ муолажаси олиб келади. Туманимиз вилоят марказига узоқлиги бизга анча ноқулайлик туғдирарди. Ҳатто хорижга бориб даволатишга ҳам рози эдик. Дунёда фалон пул турадиган амалиёт вилоятимизнинг ўзида бепул амалга оширилганидан хурсандмиз. Насиб қилса, икки фарзандимизни ҳам зиёли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаймиз. Орзум ўз турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан бахтли яшашдир», — дейди Юлдуз Рўзметова.
Таъкидланишича, шу кунларда мазкур филиалда иккинчи ноёб амалиётга тайёргарлик кўрилмоқда.
Бундан аввал наманганлик аёл вилоятда илк бор ўтказилган буйрак трансплантацияси операциясида эрига донор бўлгани ҳамда Андижонда мураккаб операцияларга муҳтож, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш бўйича махсус жамғарма ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)