Навоий вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда Ғозғон шаҳрида отасининг дафн маросимидан уйига қайтаётган эркак тошбўронга учрагани айтилган видеога муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 16 июнь куни соат 08:00 ларда Ғозғон шаҳрида яшовчи О.З. исмли эркак отасининг дафн маросимидан уйига қайтаётган вақтида кўчада Р.О. исмли аёл билан аввалдан бўлган келишмовчилиги сабаб оғзаки ўзаро тортишиб қолган.
Шундан сўнг Р.О.ушбу ҳолатни турмуш ўртоғи С.И.га айтиб берган. С.И. эса ўз навбатида М.Ё ва Ҳ.Р. билан бирга ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида О.З. билан гаплашиб олмоқчи бўлган. Аммо О.З. уйига кириб, қариндошлари билан қайтиб кўчага чиққан ва С.И., М.Ё. ҳамда Ҳ.Р. билан жанжаллашиб, бир-бирларига тош отишиб кетган.
Оқибатда О.З. ва М.Ё. тан жароҳати олиб, тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Мазкур ҳолат Ғозғон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмида қайд қилиниб, фуқаролар О.З., С.И., М.Ё. ва Ҳ.Р.га нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада сув талашиб, танишини тошбўрон қилган шахсларга нисбатан жиноий иш очилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)