Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байденнинг тор доирадаги музокаралари якунланди. Икки соат давом этган суҳбат режалаштирилган муддатдан ярим соат ошиб кетди, деб ёзади «РБК».

Энтони Блинкен, Жо Байден, Владимир Путин ва Сергей Лавров

Фото: kremlin.ru

Хабарга кўра, тор доирадаги музокараларда президентлардан ташқари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этди.

Илгари эълон қилинган музокаралар режасига кўра, энди икки давлат раҳбари ўртасида кенгайтирилган суҳбат бўлиб ўтиши керак. Ундан кейинги қисқа танаффусдан сўнг музокаралар давом этади. Дастлаб саммит, тахминан, тўрт-беш соатга мўлжалланган эди.

CNN хабарига кўра, Америка делегациясининг кенгайтирилган таркибига президентнинг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан, давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд, шунингдек, Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия бўйича маслаҳатчилари киритилган. Шунингдек, АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Америка сиёсатчиларига қўшилиши кутилмоқда.

Россия делегацияси таркибига эса Лавровдан ташқари президент матбуот котиби Дмитрий Песков ва президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов, бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Рябков, президент маъмурияти аппарати раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак ҳамда Суриядаги махсус вакил Александр Лаврентиев киритилган.

Музокаралар якунлангач, президентларнинг ҳар бири алоҳида матбуот анжумани ўтказади. Кремль раҳбарлар саммитдан кейин ҳеч қандай келишув имзоламаслигини хабар қилган.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Путин ва Байденнинг учрашувидан катта ютуқ кутмасликка чақирган эди. Ўз навбатида Оқ уй Байден ва Путиннинг бўлажак учрашуви биринчи навбатда АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурлигини маълум қилган. Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Вашингтон ва Москва кўплаб масалаларни ҳал қилиши керак. Байден Америка позициясини АҚШнинг бошқа расмийларига қараганда яхшироқ етказади.

Унга қадар Жо Байденнинг ўзи Владимир Путин билан учрашувда Вашингтон унга инсон ҳуқуқларини бузишга йўл қўймаслигини билдириб қўймоқчилигини айтганди.

Учрашувдан бир неча кун олдин, Путин саммитнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида шахсий алоқаларни тиклаш, Америка маъмурияти билан тўғридан-тўғри мулоқотни ўрнатиш, Россия ва АҚШ учун ўзаро манфаатларни ифодаловчи соҳаларда ишлайдиган механизмларни яратиш эканини айтган.