Германиянинг Хайльбронн шаҳрида 1976 йилда ишлаб чиқарилган олчаранг «ГАЗ-14» сотувга қўйилди. Ўз сериясида биринчига айланган совет лимузини Леонид Брежневга унинг 70 йиллик юбилейида совға қилинган. Ҳозирга қадар 73,3 минг километр йўл босган эксклюзив автомобиль 120 минг еврога баҳоланмоқда, деб хабар беради Motor.

Фото: AutoScout24

Сотувга қўйилган «ГАЗ-14» конвеердан 1976 йилда чиққан бўлиб, ўз сериясидаги биринчи моделга айланган. Бунга унинг шассисидаги 000001 рақами исбот бўла олади. Сотувчининг сўзларига кўра, олчаранг «Чайка» шу йилнинг ўзида СИКП МҚ бош котиби Леонид Брежневга совға қилинган. Сиёсатчи ушбу лимузинда қанча вақт ҳаракатлангани номаълум, бироқ йиллар давомида автомобиль 73,3 минг километр йўл босган.

Фото: AutoScout24

Суратларга кўра, совет лимузини идеал ҳолатда сақланган. «Чайка» кузовида занглаш аломатлари йўқ, сарғиш велюр салони худди янгидек. «ГАЗ-14» жамланмасидан ойналарни электрон кўтариш, кондиционер, шунингдек, радиомагнитола ўрин олган.

Фото: AutoScout24

Фото: AutoScout24

Лимузин 220 от кучига эга 5,5 литрли V8 мотори ёрдамида ҳаракатга келади, агрегат уч поғонали автоматик трансмиссия ёрдамида бошқарилади. Сотувчининг айтишича, автомобилнинг барча техник агрегатлари соз ҳолатда ва таъмирталаб эмас.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лимузин 2020 йилнинг ноябрида ҳам сотувга қўйилган эди.