Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида ерни ноқонуний сотмоқчи бўлган фермер хўжалиги раҳбарига жиноят иши қўзғатилди.
ДХХ матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг суғориладиган 1 гектар ер майдонини паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 15 минг долларга сотишга келишган ва ҳокимият тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Фермер хўжалиги раҳбари сўралган пулдан аванс сифатида 4 минг доллар олган вақтида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанднинг Оқдарё туманида 50 минг доллар ва Nexia-3 эвазига 1 гектар ер олиб бермоқчи бўлган фермер хўжалиги раҳбари ушлангани, Самарқанд туманида 3 гектар яйлов ерни 30 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган икки киши қўлга тушгани, Ургут ва Булунғур туманларида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)