АҚШнинг Калифорния штатидаги Коркоран фермерлик шаҳри аста-секинлик билан ер остига чўкиб бормоқда. Маҳаллий аҳолига сезилмаётган ўзгаришларни NASA сунъий йўлдошларидан олинган суратларда кўриш мумкин, деб ёзмоқда High Country News.
Таъкидланишича, сўнгги 14 йил ичида шаҳарнинг баъзи қисмлари 3,5 метргача чўккан, бу баландлик икки қаватли уйнинг бир қаватига тенг ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, минтақадаги чўкиш жараёни ерости сувларининг тортиб олиниши туфайли тупроқ миқдорининг аста-секин камайиб кетиши натижасида юзага келган.
Маҳаллий фермерларнинг экинларни суғориш учун кўп миқдордаги ерости сувларини фаол равишда тортиб олиши натижасида тупроқ чўка бошлаган.
22 минг аҳолига эга бўлган Коркоран шаҳри ҳар йили бир неча сантиметрдан 0,6 метргача аста-секинлик билан ерга ботиб бормоқда.
Ҳозирча шаҳардаги йўллар ва биноларга зарар етгани йўқ, лекин жараённинг шаҳар топографиясига таъсирини сезиш мумкин. Ичимлик суви қудуқларининг қопламалари ишдан чиқди, ратушани (шаҳарнинг ўзини ўзи бошқариш идораси ёки шундай идора жойлашган бино) эса 10 миллион доллар эвазига қайта қуришга тўғри келди.
Сув ресурсларини бошқариш агентлигининг прогнозига кўра, яқин 19 йил ичида шаҳар яна 2-3 метрга чўкади.
Аввалроқ Эрон пойтахти Теҳроннинг аста-секинлик билан ерга ботиб бораётгани маълум қилинганди.
Шунингдек, 2018 йилнинг апрель ойида Кения жануби-ғарбида пайдо бўлган катта ёриқ Найроби—Нарок шоссесининг бир қисми вайрон бўлишига олиб келган эди. Кўп километрга чўзилган ёриқ ҳудуддаги сейсмик фаоллик натижасида пайдо бўлган.
Рифт водийсини ҳосил қилган Шарқий Африка ёриғи 3000 километрга чўзилган бўлиб, Африка плитасини иккита тенг бўлмаган қисмга — Сомали ва Нубия плитасига бўлган, улар йилига 6-7 мм тезликда бир-биридан ажралмоқда.
Изоҳ (0)