Самарқанд шаҳрида уйда синглиси билан ёлғиз қолдирилган 4 ёшли бола хонадон деразасидан ошиб ўтди, дея хабар бермоқда вилоят ИИББ.
Маълум қилинишича, 21 май куни соат 17:15 лар атрофида Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи К.Н. 4 ёшли фарзандини синглиси билан ёлғиз қолдириб, юмушлари билан кўчага чиқиб кетади.
Бу вақтида болакай кўчага дераза орқали чиқишга ҳаракат қилган ва деразадан ошиб ўтган. Ҳолатни шу ердаги дўкон эгалари ҳамда кўчадан ўтаётган фуқаролар кўриб қолиб, болакайни деразадан олиб, онасига соғ-саломат топширишган.
Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари К.Н.нинг яшаш уйига ташриф буюриб, у билан келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, фарзандларига эътиборли бўлиш лозимлиги борасида профилактик суҳбат ўтказиб, огоҳлантирган.
Бундан аввал Чирчиқда 5 ёшли бола 2 ёшли болани йиқитиб юборгани учун болаларнинг оналари ва бувилари ўзаро жанжаллашгани, Сирдарёда мактаб олдидаги пиёдалар йўлагидан ўтаётган 2-синф ўқувчиси юк машинаси уриб кетиши оқибатида вафот этгани ҳамда Навоийда 3 ёшли фарзандини 60 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)