Telegram’да Қашқадарё вилоятининг Косон туманида юз бергани айтилган, етти нафар хотин-қиз жанжали тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, улар майда безорилик ва карантин қоидаларини бузишда айбланган.
«2021 йил 13 май куни тахминан соат 14:00 да Косон тумани марказида жойлашган давлат хизматлари биноси рўпарасида бир гуруҳ қизлар ўзаро тортишиб, бир-бирлари билан уришган. Улар карантин қоидаларига амал қилмасдан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жанжаллашган.Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, жанжалда иштирок этган фуқаролар М.Қ., Н.Х., Н.Ш., А.О., Р.М., Д.У., Ю.Т.лар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 183-моддаларида назарда тутилган (майда безорилик) ҳуқуқбузарликни содир этганлиги аниқланган», — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати расмий муносабатида.
Қўшимча қилинишича, тўполончи хотин-қизларнинг хатти-ҳаракати расмийлаштирилиб, уларга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал қилишлик учун тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Косон туман судига юборилган.
Изоҳ (0)