Қорақалпоғистоннинг Бўзатов, Қораузоқ ва Чимбой туманларидан бўлган саккиз нафар фермерга асаларичиликни ривожлантириш учун 80 та асалари уяси топширилди. Инвентарларни топшириш маросими Нукус туманида бўлиб ўтган. Шунингдек, фермерлар асаларичи Бахтиёр Жўрабоевнинг мастер-классида иштирок этган. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Фермерлар лойиҳасини БМТ Тараққиёт дастури ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) танлов комиссияси тасдиқлаган. Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган танлов ташкилотлар томонидан февраль ойида «Орол денгизи минтақасидаги маҳаллий ҳамжамиятларнинг экологик, иқтисодий заифликлари, шунингдек, аҳоли саломатлиги масалаларига чидамлилигини кучайтириш» қўшма дастури доирасида ўтказилган. Ҳамкорликда молиялаштириш учун жами 27 та бизнес-лойиҳа тасдиқланган.
«Мураккаб экологик ва иқтисодий вазиятга эга минтақа учун асаларичиликнинг ўзига хос аҳамияти мавжуд. Бу шунчаки барқарор даромад олиб келадиган бизнес бўлибгина қолмай, атроф-муҳитни яхшилаш, экологик тозалик ва соғлик учун фойдали маҳсулотлардан фойдаланиш имконини беришга сармоя киритишдир… Чунки асаларичи асалдан ташқари, мум, прополис олади, омади келса, фармкомпаниялар учун зарур бўлган асалари заҳарини сотишни йўлга қўйиши мумкин», — дейилади хабарда.
Асаларилар куни ҳар йили 20 май санасида нишонланади. Таъкидланишича, ушбу байрам асаларилар ва бошқа чанглатувчиларнинг аҳамияти, улар дуч келадиган таҳдидлар ва уларнинг барқарор ривожланишга қўшадиган ҳиссаси тўғрисида хабардорликни оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)