Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди, деб хабар бермоқда Meduza The Times of Israel’га таяниб.

Фото: ZUМА

The Jerusalem Post хабарига кўра, Исроил хавфсизлик масалалари бўйича вазирлар комиссияси бир овоздан Ғазо секторига зарбалар беришни тўхтатишни ёқлаб овоз берди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими Фаластин ва Исроил вақти билан 2:00 да (Тошкент вақти билан 4:00) кучга кирди.

Al Jazeera телеканали хабар қилишича, Ғазо секторида ва Фаластин ҳудудларида минглаб одамлар кўчага чиқиб, ярашувни тантана қилган. Фаластиннинг Рамоллаҳ шаҳрида мушаклар отилди, баъзи одамлар қуролдан ҳавога ўқ узди.

Исроилнинг The Times of Israel газетаси хабарига кўра, ярашув эълон қилиниб, у кучга киргунича Ғазо яқинидаги баъзи Исроил шаҳарлари ракета ва миномётлар билан ўққа тутилган. Бир киши жабрланган.

Ўт очишни тўхтатиш режими Исроил ва ҲАМАС ўртасида Миср воситачилигида ўрнатилди. Миср хавфсизлик хизматидаги The Jerusalem Post манбасига кўра, ярашув тафсилотлари ҳали ишлаб чиқилмаган. Нашр маълумотлари бўйича, бош вазир Бинямин Нетаньяху ва мудофаа вазиридан ташқари барча Исроил вазирлари Вазирлар маҳкамаси мажлисига келишидан олдин бўлғуси ўт очишни тўхтатиш режими ҳақида чет эл ОАВларидан хабар топган.

19 май куни АҚШ президенти Жо Байден низо кучайганидан буён тўртинчи марта Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатлашиб, «ўт очишни тўхтатиш йўлидаги аҳамиятли деескалацияни бугунданоқ бошлаш»га чақирган эди. Исроилга АҚШ давлат департаменти вакили йўналтирилган эди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш имкониятлари бўйича маслаҳатлашувлар низонинг кучайиши фонида анчадан буён давом этмоқда. Аммо АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида деескалация ва ярашувга даъват қилиб таклиф этилган бирорта ҳам баёнотни ҳали қўллаб-қувватламаган.

Фаластин—Исроил низосининг 2014 йилдан буён кузатилган энг кучли авж олиши май ойида Исроил ҳукуматининг Қуддусда бир қатор араб оилаларини кўчириб юбориш қароридан кейин бошланди. Бу норозиликларни келтириб чиқарди ҳамда Қуддусда араб намойишчилар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлди.

Вазиятга ҲАМАС аралашди. Исроил унинг полицияни олиб кетиш ҳақидаги талабларини бажармаганидан кейин гуруҳ ракеталар отишни бошлади. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини ўққа тутди.