Тошкент шаҳри «Қўйлиқ» деҳқон бозори яқинида ниқоб тақмагани учун тўхтатилган қиз қидирувдаги шахс бўлиб чиқди, дея хабар қилмоқда шаҳар ИИББ.
Қайд этилишича, 2021 йил 18 май куни соат 16:40 да Бектемир туманидаги Тошкент ҳалқа автомобиль йўлидаги «Қўйлиқ» деҳқон бозори яқинида олиб борилган санитария-эпидемиология талабларига риоя қилинишини назорат қилишга қаратилган тадбир давомида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тиббий ниқоб тақмаган қиз тўхтатилди.
Текширув давомида унинг шахси аниқланди ва у 2020 йилнинг 27 декабрь кунидан буён Жиноят кодексининг 168-моддасида (фирибгарлик) кўрсатилган хатти-ҳаракатларни содир этгани учун қидирувда бўлган 2002 йилда туғилган М.А. экани маълум бўлди.
Шундан сўнг фуқаро Бектемир тумани ИИО ФМБга етказилди.
Бундан аввал Самарқандда 13 минг доллар эвазига ер олиб бермоқчи бўлган солиқ инспектори ва фермер қўлга олингани, Самарқандда ирим-сирим орқали бешикдаги болани даволаш мақсадида уй эгасининг тилла тақинчоқларни ўғирлаб кетган аёлларга суд ҳукми ўқилгани ҳамда Тошкент вилоятида Telegram орқали ўзганинг пластик картасидан 2,5 миллион сўм ечиб олган 10-синф ўқувчиси ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)