Сўнгги йилларда малакали ҳимоячилар ва дарвозабонларга бўлган талаб тобора кучайиб бормоқда. Кундан кунга мураккаблашиб бораётган замонавий футболда жамоалар кўп ҳолларда айнан мудофаа ва дарвоза чизиғи вакилларининг сусткашлиги туфайли мағлубиятга учрамоқда.

Коллаж: «Дарё» / Муҳаммадқодир Собиров

Шу боис сифатли ижрочиларнинг трансфер қиймати ўсишда давом этмоқда ва келажакда ҳам ушбу тенденциянинг кузатилиши табиий жараён бўлиб хизмат қилади. Қуйида дунёнинг айни пайтдаги энг қиммат дарвозабонлари ҳақида фикр юритилади.

Эдуард Менди

Ёши: 29 да

Клуби: «Челси»

Трансфер нархи: 25 миллион евро

Фото: Twitter

Сўнгги пайтларда «Челси» дарвозабонлар учун маблағ аягани йўқ. 2018 йилнинг август ойида «кўклар» Кепа Аррисабалага трансфери учун «Атлетик Б»га 80 миллион евро сарфлаганди, аммо ушбу харид якунда ўзини умуман оқламади. Кепа йўқ деганда, ҳар икки ўйиннинг бирида «қовун тушириш»ни ўзига одат қилганди. 2020 йил ёзги трансферлар вақтида Лондон клуби раҳбарияти испаниялик дарвозабоннинг ўрнини Эдуард Менди билан тўлдиришга қарор қилди. Мендининг «аристократлар» сафига кўчиб ўтиши 24 миллион еврога тушди. Менди кутилганидек, дарҳол жамоанинг асосий дарвозабонига айланди ва Кепани захира ўриндиғига михлаб қўйди. У Премьер Лигадаги дастлабки 7 учрашувида атиги 2 та гол ўтказиб юборган бўлса, Чемпионлар Лигасидаги 8 ўйиннинг 7 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди. Шу тариқа «кўклар»нинг дарвозабон борасидаги иккинчи (ва арзонроқ) танлови муваффақиятли бўлиб чиқди.

Андре Онана

Ёши: 25 да

Клуби: «Аякс»

Трансфер нархи: 30 миллион евро

Фото: Getty Images

Бир йил муқаддам Онанани «Барселона» ва «Челси» ўз сафига қўшиб олиш ҳақида бош қотираётганди. Аммо ҳозирда футболчи антидопинг қоидаларини бузгани туфайли 12 ойлик дисквалификация муддатини ўтамоқда. Дарвозабон 2022 йилнинг 5 февралигача УЕФА байроғи остида ўтадиган расмий ўйинларда иштирок эта ҳуқуқидан маҳрум этилган. Табиийки, бу воқеалар фонида Онана атрофидаги трансфер миш-мишлари ҳам тўхтади. Аммо «Аякс» дисквалификацияга қарамай, дарвозабон билан шартномани узайтиришга тайёрлигини билдирган. Сўнгги хабарларга кўра, томонлар 2025 йилнинг июнигача мўлжалланган янги шартнома тузишга яқин турибди. Нидерланд клуби ўз тарбияланувчисига ишонмоқда, бунга унинг кўрсаткичлари ҳам сабаб бўла олади. Тақиққа қадар камерунлик посбон барча мусобақаларда 20 та ўйинда майдонга тушиб, шундан 9 тасини (деярли ярмини) «қуруқ» ўтказганди.

Унаи Симон

Ёши: 23 да

Клуби: «Атлетик»

Трансфер нархи: 30 миллион евро

Фото: Twitter

«Атлетик» Кепанинг трансферидан яхшигина сумма ишлаб олди ва унинг ўрнини дарҳол клуб тарбияланувчиси билан тўлдирди. Бильбао клубининг биринчи рақамли дарвозабони ролини Унаи Симон эгаллади. У ўтган 2019/20 йилги мавсумда ҳар бир ўйинда ўртача ўтказиб юборилган голлар сони бўйича Ла Лигада энг яхши уч дарвозабоннинг бири бўлди. Ушбу кўрсаткич бўйича Унаи Ян Облак ва Тибо Куртуадан ортда қолди, холос. Ла Лиганинг 2020/21 йилги биринчилигида ҳам Симонни яхши ҳаракат қилмоқда дейиш мумкин. Тўғри, у ўтган йилга нисбатан кўпроқ гол ўтказиб юбориб бўлди, аммо унинг ҳолати Кепаникидан яхшироқ эканига шубҳа йўқ.

Войтцех Шченсни

Ёши: 30 да

Клуби: «Ювентус»

Трансфер суммаси: 35 миллион евро

Фото: Twitter

Фаолияти давомида «Арсенал» ҳамда «Рома»да ўйнаган Шченсни ҳозирда «Ювентус»нинг асосий дарвозабони ҳисобланади. «Кекса синьора» учун польшалик посбон биринчи рақамли номига идеал номзоддир, шунинг учун ҳам томонлар 2020 йилда шартномани янгилаган. Шченсни Туринда ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, ўз навбатида унинг ўзи ҳам билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилмоқда. 2020/21 йилги мавсумда Войтцех барча турнирлардаги 34 учрашувдан атиги 8 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, аммо ҳозирги биринчиликда бутун «Ювентус» қониқарсиз натижа қайд этмоқда. Шу сабабли беқарорликда бутун жамоани айблаш мумкин. Польшалик посбон эса топ-клубда ўйнаш билан бирга ўз ҳолатидан жуда мамнун.

Эдерсон

Ёши: 27 да

Клуби: «Манчестер Сити»

Трансфер суммаси: 56 миллион евро

Фото: Twitter

«Манчестер Сити» мавсумни жуда яхши ўтказмоқда. Бу бутун жамоа, шу жумладан дарвозабоннинг ҳам хизматидир. Эдерсон Премьер Лигада 18 та «қуруқ» ўйин ўтказди ва «Олтин қўлқоп» соҳибига айланди. Бундан ташқари, жорий мавсум давомида бразилиялик ҳатто битта голли узатмани ҳам амалга оширишга муваффақ (бу унинг фаолиятидаги учинчи ассист) бўлди. «Манчестер Сити» посбонига фақат ҳавас қилиш мумкин: барқарор ва асосий дарвозабон, шунингдек, яна 4 йил амалда бўладиган шартнома. Хосеп Гвардиола камдан кам ҳолатларда маълум ўйинчиларга боғланиб қолади. Аммо Эдерсон ўзининг нималарга қодир эканлигини исботлаб, испаниялик мутахассис механизмидаги муҳим элемент бўлиб қолишда давом этмоқда.

Жанлуижи Доннарумма

Ёши: 22 да

Клуби: «Милан»

Трансфер нархи: 60 миллион евро

Фото: Twitter

Доннарумма ёш бўлишига қарамай, аллақачон тажрибали дарвозабонлар қаторига киради. Доннарума 22 ёшида «Милан» таркибида 200 дан ортиқ ўйин ўтказган ва жамоанинг вице-сардори ҳисобланади. Аммо яна бир неча ой ичида Жижи «россонери» мухлислари учун қаҳрамондан асосий душманга айланиши мумкин. Гап шундаки, италиялик «қизил-қоралар» таклиф қилиши мумкин бўлганидан анча кўпроқ нарсани (пул назарда тутилмоқда) талаб қилиб, муддати тугаётган шартномани узайтиришдан бош тортмоқда. Агар Доннарумма жамоани тарк этадиган бўлса, кўп йиллар давомида «Милан» мухлисларининг биринчи рақамли душманига айланиши ҳеч гап эмас. Бироқ ҳозирча у кўҳна клубнинг узоқ йиллардан сўнг илк марта Чемпионлар Лигасига қайтиши учун жавлон уриб курашмоқда. Унинг А Серия доирасидаги 9 ўйиндан иборат бўлган «қуруқ» серияси жамоа муваффақият қозонмаган тақдирда ҳам, ўзи учун ижобий натижа бўлиб қолаверади.

Алиссон

Ёши: 28 да

Клуби: «Ливерпуль»

Трансфер суммаси: 65 миллион евро

Фото: АП

Алиссон сўнгги йилларда Виржил ван Дейк билан бирга «Ливерпуль»нинг асосий фигураларидан бирига айланди. Ушбу футболчилар келиши билан «қизиллар» мудофаа чизиғини кучайтириб олди ва сезиларли даражада кам гол ўтказиб юборишни бошлади. Бу ўз навбатида, мерсисайдликларга Чемпионлар Лигаси ва Англия Премьер Лигасида ғолиб бўлишга имкон яратди. Аммо жорий мавсумда «Ливерпуль»нинг ишларини яхши деб бўлмайди. Ван Дейк ва бир қатор бошқа ҳимоячилар жароҳат туфайли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборди, эҳтимол, айнан шу омиллар туфайли Алиссон ҳам барқарор ўйин кўрсата олмаётгандир. Бироқ «қизиллар» ван Дейк билан бир қаторда Алиссонга ишонишдан тўхтагани йўқ. Бундан ташқари, бразилиялик посбон ҳамон трансфер бозорида катта обрўга эга. Ҳеч шубҳа йўқки, Алиссон камида яна бир неча йил давомида «Ливерпуль»нинг асосий дарвозабони бўлиб қолади.

Марк-Андре тер Штеген

Ёши: 28 да

Клуби: «Барселона»

Трансфер суммаси: 75 миллион евро

Фото: Эуроспорт

«Барселона» Тер Штегеннинг фаолиятидаги иккинчи клуб ҳисобланади. 2014 йилнинг июль ойида каталонияликлар германиялик футболчини «Боруссия М»дан 12 миллион евро эвазига сотиб олган. Ҳозир эса у дунёнинг энг қиммат дарвозабонларидан биридир. Орада бир қанча гранд клублар таниқли дарвозабонни ўз сафига жалб қилиб кўрди, аммо каталонияликлар уни қўйиб юбориш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Аввалроқ томонлар шартномани 2025 йилнинг ёзига қадар узайтирди. Тер Штеген «кўк-анорранглилар»нинг узоқ муддатда умид боғлаган футболчилари сирасига киради. Немис 2020/21 йилги мавсумда аввалгиларига нисбатан кўпроқ гол ўтказиб юбораётганига қарамай, барибир ўз позициясида энг яхшилардан бири бўлишда давом этмоқда.

Тибо Куртуа

Ёши: 28 да

Клуби: «Реал»

Трансфер суммаси: 75 миллион евро

Фото: Twitter

Куртуа ўзини энг яхши дарвозабонлар қаторига қўшиб келгани учун кўп ҳолларда танқидларга учрайди. Аммо тан олиш керак, бельгиялик вазиятни реал баҳоламоқда. Ҳа, у 2020/21 йилги мавсумда кўп гол ўтказиб юбормоқда, аммо «Қироллик клуби»нинг асосий дарвозабони шу билан бирга жамоани муҳим учрашувларда ҳам қутқариб келмоқда, баъзида эса ақл бовар қилмас сейвларни ҳам амалга оширди. Айнан Куртуанинг ёрдами билан мадридликлар Ла Лига чемпионлик пойгасида қатнашмоқда ва Чемпионлар Лигасида ярим финалга қадар етиб борди. Бундан 3 йил олдин «Реал» дарвозабон учун «Челси»га 35 миллион евро тўлаганди. Тибо бу пулларни тўлалигича оқлади деб бемалол айтиш мумкин, буни унинг ҳозирги трансфер нархи ҳам тасдиқлаб турибди.

Ян Облак

Ёши: 28 да

Клуби: «Атлетико»

Трансфер суммаси: 90 миллион евро

Фото: Marca

Облак айни пайтда дунёнинг энг қиммат дарвозабони ҳисобланади. Словениялик кўп йиллар давомида ўз позициясининг энг яхши ва энг қиммат вакили бўлиб келмоқда. Бундан 7 йил олдин «Атлетико»га ўтган Облак ҳали бир мавсум давомида ўртача ҳар бир ўйинда 0,70 дан ортиқ гол ўтказиб юборгани йўқ. Бу шунчаки ақл бовар қилмас натижадир. Жорий мавсумда у Ла Лигада 30 дан ортиқ ўйин ўтказиб, шундан 15 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Облак «Атлетико»нинг Ла Лига жадвалида биринчи ўринни ушлаб қолиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда. Мавсумнинг катта қисми давомида пешқадамлик қилиб келган «матрасчилар» агар муваффақиятсизликка учраса, бу футболчилар учун кучли зарба бўлиши аниқ. Табиийки, клуб билан шартномаси яна 2 йил амалда бўладиган Ян келажаги ҳақида жиддийроқ ўйлашга мажбур бўлади. Боиси бундай даражадаги дарвозабон совринсиз қолиб кетиши шунчаки адолатсизлик бўларди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!