Ёзувчи Агата Кристининг Буюк Британиядаги уйи қарийб 300 миллион рублга (4 миллион доллар) сотувга қўйилди. Бу ҳақда Savills халқаро кўчмас мулк агентлиги матбуот хизматига таяниб «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Savills

«Агата Кристининг уйи Буюк Британиянинг тарихий мулки ҳисобланиб, у йиллар давомида қиймати фақат ортиб борадиган ҳақиқий ютуқдир. Кўчмас мулк қиймати 2,75 миллион фунт стерлингга баҳоланмоқда», — деди Savills’нинг Россиядаги хорижда кўчмас мулк сотиш департаменти директори Юлия Овчинникова.

Агата Кристи ва унинг эри 1934 йилда Оксфордшир графлигининг Уоллингфорд шаҳридаги Винтербрук уйини сотиб олган. Ёзувчи 1976 йил, ўзининг вафотига қадар шу ерда яшаган. Айнан шу уйда унинг дунёга машҳур «Мисс Марпл» асари дунёга келган ва Эркюль Пуаро ҳақидаги сўнгги китоблар ёзилган.

Уйга эгалик ҳуқуқи уй фасадидаги тарихий лавҳа билан тасдиқланган.

Уй ўзининг тарихий қиймати билан бир қаторда кўчмас мулк объекти сифатида ҳам қизиқарли. 17-асрга тегишли бино 581 квадрат метр майдонга эга якка тартибдаги уй бўлиб, у Темза дарёсигача тушадиган 2 гектарлик инглиз боғига туташган. Шунингдек, ҳовлида бир хонали кичик меҳмонхона жойлашган.

Уч қаватли уйда бешта ётоқхона ва тўртта меҳмонхона мавжуд. Агентликнинг таъкидлашича, у ўзининг жойлашуви ва услуби жиҳатидан замонавий турмуш тарзига эга харидор учун мос келади.