Давлат Солиқ қўмитаси бирлашган касаба уюшмаси вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўртасидаги масала судгача олиб борилмасдан, тўхтатишга қарор қилинди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Давлат солиқ қўмитаси бирлашган касаба уюшмаси вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев учрашиб, музокаралар давомида юзага келган вазият муҳокама қилинди.
«Ҳар икки томоннинг ҳам мақсади ва маслаги бирлиги, яъни мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида хизмат қилиш эканлиги таъкидланди. Масалани судгача олиб бормасдан, тўхтатишга қарор қилинди», — дейилади қўмита хабарида.
Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербаевнинг «Human.uz» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзларини сабаб қилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритган, унда депутатнинг ҳатти-ҳаракатлари солиқ органларига 4,6 миллиард сўм миқдорида зарар етказганлиги даъво қилинганди.
Расул Кушербаевга 4 май куни келган чақирув қоғозида депутат ва Солиқ қўмитаси касаба уюшмалари ўртасидаги суд жараёни 12 май куни соат 11:30 да Шайхонтоҳур туманлараро судида бўлиши белгиланганди.
Изоҳ (0)