Рио-де-Жанейро полицияси 6 май куни Жакарезинью ҳудудида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдага қарши махсус операция ўтказди. Операция мобайнида келиб чиққан отишмада бир нафар полициячи ва 24 гумонланувчи ҳалок бўлди, деб ёзади G1 янгиликлар портали.

Фото: AP Photo

Портал маълумотларига кўра, рейдда яна икки полициячи жароҳат олган. Улардан бири зарур ёрдам кўрсатилгандан сўнг касалхонадан чиқарилди, иккинчи офицернинг аҳволи шифокорлар томонидан барқарор деб баҳоланмоқда.

Шунингдек, отишма пайтида Жакарезинью ҳудудидан ўтиб кетаётган метро поездининг икки йўловчиси жароҳат олган. Улардан бири қўлидан ўқ еган, иккинчиси ойна парчалари билан жароҳатланган. Ўз уйида бўлган яна бир фуқаронинг оёғига ўқ узилган.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Қайд этилишича, операция гиёҳванд моддалар савдоси, талончилик, одам ўлдириш ва ўғирлаш билан шуғулланувчи тўдага қарши ўтказилган. Полиция жиноятчилар болалар ва ўсмирларни ўз тўдаларига жалб қилаётгани тўғрисидаги маълумотлар сабабли махсус операция бошлаганини айтди.

Бундан ташқари жиноятчилар камбағал аҳолини уйларидан қувиб чиқараётгани ҳақида хабарлар келиб тушган. Шунингдек, улар жиноятлар изларини яширишда айбланмоқда. Рио-де-Жанейро фуқаролик полицияси маълумотларига кўра, рейд пайтида ўлдирилганлардан 21 нафари жиноятчи экани аниқланган.

G1 таъкидлашича, рейд пайтида ҳудуднинг турли қисмларидан автомат ва портлаш овозлари эшитилиб турган, ҳудуд атрофидан вертолёт учиб ўтган. Жакарезиню аҳолиси, жумладан ўша куни тўйи бўлиши керак бўлган келин ҳам уйидан чиқолмаган.