Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўпкаси 100 фоиз зарарланган аёл соғлом қиз фарзандни дунёга келтирди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг матбуот хизматига таяниб Tengrinews хабар берди.
Маълумотларга кўра, туғруқ вақтида Айнагул Оразбекова оғир аҳволда бўлган. Унга коронавирус ва вирус натижасида келиб чиққан оғир даражали икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. 16 март куни аёл 2-сонли шифохонага ётқизилган. Шифокорлар онанинг ҳаёти учун икки ой давомида кураш олиб борди.
«Туғруққа рухсат берилганидан кейин беморнинг аҳволи оғирлашди: қон сатурациясининг пастлиги, юқори ҳарорат сабабли аёл мустақил нафас ололмади, интоксикация синдроми давом этди. Бир неча марта консилиум (шифокорлар кенгаши) ўтказдик, натижада бемор экстракорпорал мембрананинг оксигенациясига уланди. 20 кун давомида оксигенация ва гемодиафильтрация ўтказилди», — деди шошилинч кардиология ва кардиохирургия маркази бошлиғи Сейл Мухаметкалиев.
Беморнинг кислород терапиясига уланганига қарамай, ундаги десатурация жараёни (танадаги суюқлик ва тўқималардаги газлар концентрациясини камайтириш жараёни) сақланиб қолди. Консилиум қарорига кўра бемор сунъий нафас олдириш қурилмасига уланди.
«Икки ой давомида шифокорлар ва ҳамширалар беморни даволади, назорат қилди, парваришлади. Ва тез орада оғир меҳнатнинг натижаси барчамизни қувонтирди. 50 кунлик реанимациядан кейин бемор ихтисослаштирилган бўлимга ўтказилди. Шифохонамиз мутахассисларининг жамоавий ҳаракати туфайли беморнинг аҳволи яхшиланди, гемодинамикаси барқарорлашди ва энг муҳими, у мустақил нафас оляпти», — деди юқумли касалликлар бўлими раҳбари Гулнур Аширбекова.
Шифохонадан рухсат берилгач, аёл барча шифокорларга, ҳамшираларга, санитар ишчиларга ва шифохонанинг барча ходимларига миннатдорчилик билдирди.
Маълмуот учун, аёл учинчи фарзандини дунёга келтирди.
Маълумот учун, Японияда биринчи марта коронавирус инфекциясининг онадан янги туғилган чақалоққа юқиш ҳолати аниқланди. Япония педиатрия жамияти аъзолари мамлакат бўйича 1,1 минг тиббиёт муассасасидан олинган маълумотларни текширди. Улар 2020 йилнинг август ойи охирига қадар Японияда COVID-19 юқтирган оналардан 52 нафар чақалоқ дунёга келганини кўрсатди.
Янги туғилган чақалоқлардан бирида коронавирусга топширган тести ижобий натижа берди, лекин телеканалнинг хабар беришича, унинг соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаяпти.
Шунингдек, 2020 йилнинг ноябрь ойида Сингапурда ҳомиладорлик даврида коронавирус билан касалланган аёл қонида вирусга қарши антитаналари бўлган чақалоқни дунёга келтирди. Онанинг сўзларига кўра, шифокорлар унга ўзининг антитаналари йўқолганини айтган, шифокорлар антитаналарнинг онадан болага ўтганини тахмин қилмоқда.
АҚШда ҳам қонида коронавирусдан ҳимояловчи антитана мавжуд бўлган чақалоқ дунёга келгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)