Европа иттифоқи ва Буюк Британия Лондонда ЕИнинг доимий ваколатхонасини ташкил қилиш борасида келишувга эришилганини эълон қилди. Бу ҳақда Евроиттифоқ ташқи сиёсий хизмати раҳбари Жозеп Боррел ҳамда Буюк Британия ТИВ раҳбари Доминик Раабнинг Лондондаги «еттилик» йиғилишларидаги икки томонлама учрашувлари вақтида қўшма баёнот берди, деб ёзмоқда «ТАСС».
«Евроиттифоқнинг прагматизм ва эзгу иродага асосланган дипломатик миссиясининг Буюк Британияда ташкил этилганидан мамнунмиз. ЕИ элчиси хорижий мамлакатларнинг дипломатик миссиялари раҳбарлари мақомига эга бўлади ва давлат раҳбарининг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олади. Евроиттифоқ миссиясининг ходимлари дипломатик имтиёзлар, самарали ишлаш учун иммунитетга эга бўлади ва биз глобал чақириқларга жавоб бериш учун олға боришга тайёрмиз», – дейилади ҳужжатда.
Буюк Британиянинг Брюсселдаги ваколатхонаси Brexit амалга ошгунга қадар, яъни Бирлашган қиролликнинг Евроиттифоқ таркибидан чиққунигача ҳам ҳам мавжуд бўлган. 2020 йил декабрь ойида Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Brexit бўйича савдо битимини имзолаганди.
Боррел ва Рааб Евроиттифоқ ҳамда Буюк Британия ўртасидаги ташқи сиёсат, хавфсизлик, икки томонлама муносабатлар, глобал муаммолар, иқлим ўзгаришлари масалаларини ҳал этиш, Кипрдаги вазиятни тартибга солиш борасида ҳам фикр алмашган.
Изоҳ (0)