Эронда Швейцариянинг Теҳрондаги элчихонаси ходими ўзи яшайдиган кўп қаватли бинодан йиқилиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Эрон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Можтаб Халедининг сўзларига кўра, Швейцария элчихонаси ходими бўлган 51 ёшли аёл Теҳроннинг Камрания туманидаги кўп қаватли уйдан йиқилиб тушган. Халеди ўлим ҳолатлари ва сабаблари суд экспертлари томонидан текширилишини қўшимча қилди.
Фожианинг можаро ёки уйга бостириб кириш сингари эҳтимолий сабаблари рад этилди.
Меҳр агентлиги хабарига кўра, аёл Швейцариянинг Эрондаги элчихонаси биринчи котиби бўлган. 1979 йил ноябрь воқеалари ортидан АҚШ Эрон билан дипломатик алоқаларни узганидан кейин Швейцария элчихонаси 1980 йил апрелдан бери Эронда америкаликларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
22 апрель куни Покистонда Хитой элчисини ўлдириш мақсадида портлаш содир этилган эди. Ҳодиса оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳатланган.