«Катта еттилик» (G7) давлатлари саммитининг биринчи куни, асосан, Россия ва Хитой муҳокамасига бағишланди. Ушбу икки мамлакатнинг ҳар бири устидаги баҳсларга бир ярим соатдан вақт кетди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти вакилига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Хитой ҳақида бир ярим соатлик баҳс бўлиб ўтди, сўнгра Мьянма, Ливия, Сурия бўйича 30 дақиқалик кичик сессиялар бўлди. Россия, хусусан, унинг Украина ва Беларусга қарши кураши ҳақида бир соат-у 30 дақиқа, Афғонистон масаласида 30 дақиқа муҳокама олиб борилди », — деди департамент вакили.
Шу билан G7 давлатлари ташқи ишлар вазирларининг ялпи мажлис якунланди. Вазирлар учрашувини 5 май куни давом эттиради.
Давлат департаменти вакили таъкидлашича, саммитнинг биринчи кунида Хитой бош мавзу бўлди.
«Биз ҳаммамиз Хитой халқаро тартибнинг ажралмас аъзоси бўлишини истаймиз. Буни амалга ошириш учун у ушбу халқаро тартиб қоидаларига амал қилиши кераклиги тўғрисида кенг қамровли келишув мавжуд эди», — деди АҚШ департаменти.
Россия ҳақидаги муҳокамада Америка Россия билан барқарор ва олдиндан айтиб бўладиган муносабатларни исташини, аммо унинг «мулоҳазасиз ва тажовузкор хатти-ҳаракатларга» жавоб қайтаришини айтди. Давлат департаменти, шунингдек, учрашувда барча ташқи ишлар вазирлари Киевга «Россия тажовузига қарши» бирдамлик билдирганини таъкидлади.
Аввалроқ G7 давлатлари ва Европа комиссияси Россия қўшинларининг Украина чегараси ва Қримда тўпланганидан хавотир билдириб, Россияни ушбу «провокацияларни тўхтатишга» чақирган эди.
Улар шунингдек, Россияга Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти принципларини эслатган ва уни ҳарбий кучлар ҳаракатининг шаффофлиги бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирган.
Улар Минск келишувларининг амалга оширилишини Украина шарқидаги можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишнинг ягона йўли деб атаган.
G7 — глобал муаммоларни муҳокама қиладиган норасмий ташкилот. Унинг таркибига еттита давлат киради: Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония. 2014 йилгача Россия ҳам гуруҳнинг аъзоси бўлган.