Африканинг Мали давлатида яшовчи аёл бирйўла тўққизта фарзанд дунёга келтирди — беш қиз, тўрт ўғил. Чақалоқлар ва уларнинг онаси ўзларини яхши ҳис қилмоқда, деб ёзади «РИА Новости».
Мали Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, чақалоқларнинг онаси Ҳалима Сиссе туғруқдан олдин Мали пойтахти Бамакодаги касалхонада икки ҳафта ётганидан сўнг, март ойи охирида мамлакат президенти Ба Ндауинг фармони билан Марокашдаги касалхонага кўчирилган.
«Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазири 2021 йил 4 майда Ҳалима Сиссе Мали ва Марокашда ўтказилган ультратовуш текширувлари асосида эълон қилингандек еттита эмас, тўққизта болани кесарча йўли билан дунёга келтирганини мамнуният билан эълон қилади. Янги туғилган чақалоқлар ва онанинг аҳволи яхши», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Facebook’даги постида.
Мали соғлиқни сақлаш вазири Фанта Сиби «касбий маҳорати билан ушбу ҳомиладорликнинг бахтли якунига эришилгани» туфайли ҳар икки мамлакат шифокорларини табриклади. Маълум қилинишича, чақалоқларнинг онаси 25 ёшда. Бир неча ҳафта ичида улар биргаликда Малига қайтади.
Шу билан бирга, Марокаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Рашид Кудхари ўз мамлакатининг бирон бир жойида бундай ноёб ҳодиса — бирйўла тўққиз фарзанд туғилиши ҳақида эшитмаганини айтди.
2020 йилнинг май ойида Францияда 30 йил ичида илк бора олти эгизак: беш қиз ва бир нафар ўғил бола дунёга келган эди. Ундан аввал Польшада биринчи марта олти эгизак дунёга келган. Эгизаклар — тўрт қиз ва икки ўғил 20 май куни Краков университети касалхонасида туғилганди.