Қирғизистон президенти Садир Жапаров апрель ойидаги референдум натижалари бўйича қабул қилинган тузатишларни инобатга олган ҳолда мамлакат конституциясининг янги таҳририни имзолади. Бу ҳақда президент веб-сайтига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров бугун, 5 май куни 2021 йил 11 апрелда бўлиб ўтган референдум (оммавий овоз бериш) натижасида қабул қилинган Қирғизистон Республикаси конституциясини имзолади», — дейилади хабарда.
Қирғизистон конституциясига киритилган ўзгартишлар ҳукумат раҳбарининг вазифаларини президент аппарати раҳбарига юклайди. Шунингдек, Қирғизистон президенти вазирларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, парламентдаги депутатлар сони 120 кишидан 90 кишига қисқартирилади.
1993 йилда қабул қилинган Қирғизистон конституциясига ҳозиргача ўн марта ўзгартириш киритилди. Сўнгги марта бош қонун 2016 йилда ўзгартирилган, ўшанда бош вазир ва парламент ваколатлари кучайтирилган эди. Қирғизистон конституциясини бу сафарги қайта ёзиб чиқиш Садир Жапаровнинг ташаббуси ҳисобланади.