Ҳиндистонда сўнгги 24 соат ичида 3780 киши коронавирусдан вафот этди, бу дунё миқёсидаги янги рекорд, деб ёзади Reuters.
Ўтган кун давомида мамлакатда яна 382 315 кишида COVID-19 қайд этилди.
Пандемия бошидан бери Ҳиндистонда инфекция юқтирганларнинг умумий сони 20 миллиондан ошди, 226 188 киши касалликдан вафот этди. 3 май куни мамлакатда инфекциядан кунлик ўлимлар кўплиги бўйича рекорд ўрнатилганди. Ўша куни 3689 киши коронавирус қурбонига айланган.
Жонс Ҳопкинс университети статистик маълумотларига кўра, Ҳиндистон коронавирус билан касалланганлар сонининг кўплиги бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.
Сўнгги бир ҳафта ичида бутун дунёда коронавирусдан 93 мингдан ортиқ одам вафот этди. Бу кўрсаткич аввалги ҳафтага нисбатан олти фоиз юқори. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг ҳафталик эпидемиологик бюллетени маълумотлари шуни кўрсатмоқда.Шунингдек, ушбу даврда COVID-19 билан касалланганлар сони аввалги ҳафтадаги сингари 5,7 миллиондан ошгани қайд этилган.
«Жаҳон миқёсида кетма-кет иккинчи ҳафта давомида COVID-19 билан касалланганлар сони пандемия бошланганидан буён энг юқори даражада сақланиб қолмоқда — тўққиз ҳафталик ўсишдан сўнг ушбу кўрсаткич 5,7 миллиондан ошди», — деди ЖССТ.
Ташкилотнинг таъкидлашича, ўлимлар сони «кетма-кет еттинчи ҳафта давомида ўсиб бормоқда».
Аввалроқ ЖССТ Ҳиндистондаги коронавирус билан боғлиқ оғир вазият исталган давлатда юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.