Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Республикада амалга оширилаётган маҳаллийлаштириш дастурининг ижроси миллий иқтисодиётимиз учун давр талаб этаётган янги муносабатларнинг энг муҳим омилларидан биридир. Шу сабабли бугунги кунда саноат корхоналарида ҳам маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни кенг кўламда ишлаб чиқаришга эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳаллийлаштириш дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, дастур ижроси натижасида рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига ва катта миқдордаги валюта маблағларининг тежалишига эришилмоқда.

Комбинатда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосан икки йўналишда амалга ошириб келиняпти. Булар комбинатнинг мавжуд ва янги қувватларида маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда юртимизда фаолият юритиб келаётган ишлаб чиқарувчи корхоналар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобланади.

2021 йилнинг 1-чораги якунларига кўра, комбинатда маҳаллийлаштириш дастури доирасида, 56 та лойиҳалар асосида 43 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилиб, режа 134 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, 200 минг доллардан ошиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Қувонарлиси, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар комбинатнинг ички эҳтиёжи ҳамда мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган тоғ-кон саноати корхоналари учун мўлжалланган эканлиги билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги электрон кооперация портали орқали 2021 йилнинг 1-чорагида 70 миллиард сўмдан ошиқ, 900 дан зиёд шартномалар имзоланиб, режа кўрсаткичлари 112,5 фоизга бажарилди.

Жорий йилнинг 22—24 апрель кунлари Навоий кон-металлургия комбинатида металлургия, машинасозлик, энергетика, кимё саноати ва қурилиш материаллари соҳасидаги республика тармоқлараро кооперация саноати йўналишида кооперация ярмаркаси ташкил этилди. Мазкур ярмаркада ОКМК ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги электрон кооперация портали орқали 40 миллиард сўмдан зиёд шартномалар тузишга эришди.

Ҳозирги кунда республиканинг бир нечта корхоналари, шу жумладан, кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлик субъектлари билан комбинат эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган, янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифлар берилган ва бу борада ишлар олиб борилмоқда.

Комбинатда маҳаллийлаштириш дастури ижроси асосан марказий таъмирлаш механика заводи, рух заводи, нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси каби меҳнат жамоалари томонидан амалга оширилиб келинмоқда.

Дастурнинг бош ижрочиси бўлган марказий таъмирлаш механика заводида ҳам йилдан йилга импорт маҳсулотлари ўрнини қисқартириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда заводда пўлат ва чўяндан эҳтиёт қисмлар қуйиш, ностандарт ускуналар, конвейер ускуналари, грат ва грат насослари, майдалаш ускуналари, тегирмон ускуналари ва экскаваторларга эҳтиёт қисмлар тайёрланаяпти.

2021 йилда МТМЗда  маҳаллийлаштириш дастури доирасида 82,2 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 1-чоракнинг ўзида 24,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 3 ойлик режа 126,6 фоизга бажарилишига эришилди.

Яқин истиқболда маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш мақсадида, заводни модернизация қилиш ва бунинг натижасида технологик ускуналар учун ҳозирда импорт орқали сотиб олинаётган эҳтиёт қисмлар ҳамда бутловчи буюмларни ушбу бўлинма қувватларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шунингдек, нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ҳам 2021 йилнинг 1-чорагида дастур ижроси бўйича қувонарли натижалар қайд этилди. Январь март ҳолатига кўра, 11,1 миллиард сўмлик 27 хил маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, режа 104,1 фоизга уддаланган.

Бирлашма меҳнат жамоаси томонидан асосан импорт маҳсулотлари бўлган VK30 қаттиқ қотишмали ҳалқа, қаттиқ қотишмали роликлар, T14K8 қаттиқ қотишмали кесгичлар, кислотага бардошли ғиштлар, TXA термопараси, қаттиқ қотишмали бурғулаш ускунаси, керамик тигеллар, чўян устқуйма, зангламайдиган муфель, бурғулаш долоталари, вольфрам-мисли градиент контактлари, молибденли ва вольфрамли симлар, вольфрам ҳамда молибден нанокукунлари шулар жумласидандир.

Ишончимиз комил, комбинатда самарали олиб борилаётган маҳаллийлаштириш дастури ижроси корхонамизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Козим Жумабоев, ОКМК маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи

Маълумот шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар