Туркия Усмонлилар империяси даврида арманлар гентосиди юз бергани ҳақидаги масалаларда ўз позициясида собит туришда давом этади. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон девони Анқарада бўлиб ўтган олий даражадаги масалаҳатлашувлар кенгашидан кейин эълон қилган баёнотда маълум қилинган, дея хабар қилган «ТАСС».
«Жаноб президент Туркиянинг сиёсий сабабларга кўра арманлар қирғини ҳақида ёлғон ахборот бераётганлар ва уларни қўллаётганларга қарши ҳақиқатни ҳимоя қилиб туришини билдирган», – дейилади хабарномада.
Аввалроқ The Wall Street Journal нашри АҚШ администрациясидаги манбаларига асосланиб, мамлакат президенти Жо Байденнинг расман арманлар гентосиди содир бўлганлигини тан олгани ҳақида ёзган эди. Нашрнинг қайд этишича, Байден 24 апрель куни Арманистонда арманлар геноциди қурбонлари хотираси кунида мазкур маълумотни расман эълон қилиши кутилмоқда. Газетанинг ҳукуматдаги манбалари АҚШ президентининг шунчаки расмиятчилик учун баёнот бериши ва унинг ахборотида геноцид содир бўлганлиги расман тасдиқланган ёки тасдиқланмагани борасида кескин мулоҳазалар бўлмаслигини билдирган.
Байдендан аввал АҚШ президенти бўлган Дональд Трамп 1915 йилда содир бўлган воқеаларни эслаганида имкон қадар «геноцид» сўзини ишлатмасликка интилган. Ундан олдинги давлат раҳбари Барак Обама (2009 – 2017) эса бу борада фикр билдиришдан ўзини тийган, Обама даврида ҳозирги президент Жо Байден вице-президент лавозимида фаолият юритган. 2019 йилда Сенат ва Конгресснинг Вакиллар палатаси 1915 йилда Усмонлилар салтанатида содир бўлган фожиани «Арманлар геноциди» деб ҳисоблаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилган. Бу Анқаранинг кескин норозилигига сабаб бўлганди.
Биринчи жаҳон уруши бошлангунига қадар Усмонлилар империясидаги арман аҳолисининг сони, тахминан, 2,5 миллион нафарни ташкил қилган. 1915 йилга келиб депортациялар ва тизимли равишда содир этилган қотилликлар туфайли тахминларга кўра 600 мингдан 1,5 миллионгача арман халқи қирилиб кетган. Туркия ҳукумати арманларнинг оммавий равишда ҳалок бўлганини инкор қилмаган, бироқ арман томонининг мазкур ҳолатни «геноцид» деб аташи ва мазкур позициядан туриб ҳолатга нотўғри ёндашишига қарши чиқиб келмоқда. Анқаранинг нуқтаи назари бўйича арманларнинг ўлимига ҳукуматнинг ножоиз сиёсати ва Усмонлилар империяси даврида кузатилган фуқаролар уруши сабаб бўлган. Анқара фуқаролар урушида нафақат арманлар, балки минглаб турклар қурбон бўлганини ҳам эслатиб келади.
2016 йилда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат парламентида нутқ сўзлаб, ХХ аср бошларида арман миллатига қарши амалга оширилган оммавий қирғин натижасида ҳалок бўлганларнинг авлодларига илк бор ҳамдардлик билдирган.
Изоҳ (0)