Шанхай автосалонида BMW 7-сериянинг чекланган нусхада ишлаб чиқарилган Shining Shadow Special Edition версиясининг премьераси бўлиб ўтди. Машинанинг асосий ўзига хослиги — икки хил рангли кузовида. Бу каби рангдан Mercedes-Maybach линейкасидаги автомобилларни бўяшда фойдаланилади, деб хабар беради Motor.
BMW’нинг махсус версиясини яратишда узайтирилган 760 Li xDrive модификациясидан фойдаланилган бўлиб, унинг узунлиги 5,26 метрга етади. Компаниядагиларнинг маълум қилишича, седан кузовини икки хил рангга — юқори қисми кумушранг ва пастки қисми қирмизи — бўяш учун деярли бир ҳафта сарфланади. BMW 7 Series Shining Shadow, шунингдек, 15 та кегайли оригинал дизайнга эга 20 дюймли дискалари билан ажралиб туради.
Машина салони оқ чарм билан қопланган, декоратив қисми лакланган ёғочдан ишланган, ўриндиқларнинг барчаси массаж функциясига эга, иккинчи қатор йўловчилари учун эса олд ўриндиқлар орқасига экранлар қотирилган.
Мазкур махсус версия 585 от кучига эга 6,0 литрли V12 двигатели ёрдамида ҳаракатга келади. Машинанинг соатига 100 километр тезликка эришиши учун 3,8 сония кифоя.
7 Series Shining Shadow седани чекланган 25 нусхада ишлаб чиқарилиб, Хитой бозорида сотувга чиқади. Икки хил рангли модель 2,6 миллион юандан (400 минг доллар) сотилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Mercedes-Benz компанияси ўзининг премиум синфига кирувчи EQS электроседанини тақдим этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)