Эрон ҳукумати 17 апрель куни Натанздаги ядро объектида теракт уюштирган шахс ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатган.
Эрон томонининг ахборотига кўра, Натанздаги қўпорувчилик ҳаракатини 43 ёшли Ризо Каримий амалга оширган. У мамлакат ҳудудини тарк этиб улгурган ва халқаро даражада қидирувга берилган.
Теҳрон унинг қай тарзда террорчилик ҳаракатини содир этгани, Исроил разведкасининг Каримий билан ишларни мувофиқлаштириб тургани борасидаги қўшимча маълумотларни бермаган.
Аввал Эроннинг Натанз шаҳрида жойлашган ядро объектида авария содир бўлган. Теҳрон мазкур салбий ҳолат оқибатлари тезда бартараф қилингани, дастлаб уранни 60 фоизгача бойитиш режалаштирилгани ва кейинчалик мазкур иш якунига етказилганини билдирган. АҚШ президенти Жо Байден мазкур вазиятга муносабат билдириб, Эроннинг уранни 60 фоизга бойитиши музокараларни енгиллаштирмаслигини айтган.
Натанздаги террорчилик ҳаракати ортида Исроил тургани тахмин қилинган, бироқ қўпорувчилик ҳаракатини ташкиллаштиришда гумон қилинаётган ушбу давлат мазкур версияга ўз муносабатини билдирмаган.
Изоҳ (0)