Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик масжмуасининг атрофи ўралгани ва у ерда қурилиш ишлари бошлангани тўғрисида тарқалган хабарларга изоҳ берди.
«Шаҳримиздаги маданий ёдгорликлар, зиёратгоҳларни асраш, сақлаш ва тегишли тартибда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Шу жумладан, 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги ‘Шаҳидлар хотираси’ ёдгорлик мажмуасида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган», — дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, реконструкция жараёнида ҳудуддаги дарахтларга зарар етказмаган ҳолда қатағон қурбонларининг номлари акс этган рамзий китоб барпо этилади.
Шунингдек, рамзий ротонда реконструкция қилинади, музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилади, аҳоли учун маиший хизмат бинолари, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари, очиқ амфитеатр ва Wi-Fi ҳудудлари барпо этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг августида Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрганди. 2020 йилнинг ноябрида эса Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича ишчи гуруҳ Ўзбекистон аҳолисига мурожаат қилиб, «ўзбеклар иши», «пахта иши» деган ноҳақ айбловлар жараёнида судланган, жабр кўрган ва қурбон бўлганлар ҳақида материлларни сўраган эди.
Изоҳ (0)