Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Самарқанд вилоятида ўтказилаётган йиғилишда давлат раҳбари бугунги замон ва халқ ишончига муносиб ишламаётган амалдорлар фаолиятини танқид қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Ўзларингиз хабардор бўляпсизлар, ҳар селекторда туман, шаҳар ҳокимларини, вилоят ҳокимлари ўринбосарларини, турли тизимдаги раҳбарларни ишдан оляпмиз. Нима учун ишдан оляпман? Шукроналик йўқ, бепарволик, билимсизлик, илмсизлик ёнимизда юрибди. Энг катта фожиамиз — билим йўқ, кўп раҳбарлар ўз устида ишламайди, бугунги таҳликали ва шиддат билан ўтаётган замонда халқнинг ишончини оқламаяпти.
Қарсак чалишни ҳаммамиз ўрганиб олдик. Агар 27 йил баландпарвоз гапларни айтмасдан, қарсак чалмасдан таълимда, қурилишда, иқтисодиётда қаттиқ ҳаракат қилганимизда, бугунги кунимиз янада бошқача бўларди. Жиддий масаларга аҳамият қаратмадик, ижро органлари раҳбарларини ўқитмадик. Уларнинг кўпи ўқимаган, савия паст, ҳозирги замонга муносиб бўлиб яшаш ва фақат халқни рози қилиш бўйича ҳаракат йўқ. Адашиб юрган раҳбарлар жуда кўп, улар ўзига ҳам ишонмайди. Кун ўтса бўлди, деб ишлайдиган раҳбарнинг бу гаплари ўтмайди, замон ўзгаряпти, биз ҳам ўзгаришимиз керак», — деди Президент.
Изоҳ (0)