Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Польша Варшавадаги уч нафар россиялик дипломатни persona non grata (хуш кўрилмаган инсон) деб эълон қилди, улар мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Дипломатик бўлимнинг хабар беришича, 15 апрель куни Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреев Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда элчига Россиянинг Варшавадаги элчихонасининг уч нафар ходимини persona non grata деб тан олиш тўғрисидаги маълумотлар ёзилган нота тақдим этилган. Уларнинг исмлари ҳали эълон қилинмаган.

«Бундай қарор қабул қилиш учун ушбу шахслар томонидан дипломат мақоми шартларининг бузилиши ва ўз фаолияти билан Польшага зарар етказиши асос бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, Польша Ташқи ишлар вазирлиги Варшава АҚШ расмийлари томонидан қабул қилинган қарорларга хайрихоҳлигини айтди. Гап Вашингтон томонидан Москвага қарши янги санкцияларнинг киритилиши ҳақида кетмоқда. «Биргаликда қабул қилинган, келишилган иттифоқ қарорлари Россиянинг душманлик ҳаракатларига энг муносиб жавобдир», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россиянинг «зарарли ҳаракатлари» муносабати билан Лондондаги Россия элчисини чақиртирди.

Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида айтилишича, Буюк Британия АҚШнинг «Россиянинг душманлик хатти-ҳаракатларини давом эттириши» борасидаги хавотирларига қўшилади.

Унда айтилишича, Россия ташқи разведка хизмати бир қатор киберҳужумлар хусусан, дунёдаги бир неча юз ташкилотларига ва шунингдек, АҚШ ҳукумат идораларига таъсир кўрсатган SolarWinds дастурий таъминотининг бузиб кирилиши ортида турган. «Россиянинг бутун дунё бўйлаб зарарли хатти-ҳаракатлари модели — киберкосмосдаги ҳаракатлар, сайловларга аралашиш ёки разведка хизматларининг тажовузкор операциялари — Россия Буюк Британиянинг миллий ва жамоавий хавфсизлиги учун энг жиддий таҳдид бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда», — дейилади вазирлик веб-сайтида.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Буюк Британия шериклари билан биргаликда ноқонуний ҳаракатларни аниқлашда давом этишини айтди. «Россия бизнинг демократиямизга путур етказиш учун нималар қилаётганини кўриб турибмиз. Буюк Британия ва АҚШ Россиянинг зарарли хатти-ҳаракатларини очиқ ошкор қилади, шу орқали халқаро ҳамкорларимиз ва компанияларимиз ўзларини яхшироқ ҳимоя қилиши ва бундай ҳаракатларга тайёрланиши мумкин бўлади», — дейди Британия Ташқи ишлар вазирлиги.

Ўз навбатида НАТО ҳам АҚШнинг Россияга қарши янги санкцияларни мамнуният билан қўллаб-қувватламоқда.

«НАТОга аъзо давлатлар Иттифоқнинг жамоавий хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун индивидуал ва жамоавий тарзда чоралар кўрмоқда», — дейилади альянс баёнотида. Таъкидланишича, альянс Россиянинг хусусан Украина ва Грузияга нисбатан ҳаракатларида беқарорлаштирувчи сиёсат давом этаётганини кўрмоқда.

Шунингдек, НАТО «Россия томонидан кўплаб халқаро мажбуриятлар ва келишувлар, хусусан Будапешт меморандумининг мунтазам равишда бузилиши, бажарилмаслиги ва четлаб ўтилиши»га ишора қилди. Альянс Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракатларига мисол сифатида унинг НАТОдаги сайловларга, шу жумладан АҚШдаги президент сайловларига аралашишга уринишларни, «кенг кўламли дезинформация кампаниялари ва зарарли кибер фаолиятини» санаб ўтди.

«АҚШ ва бошқа иттифоқчиларнинг баҳоларига кўра, мавжуд барча далиллар Россия Федерациясининг SolarWinds хакерлиги учун жавобгарлигини кўрсатмоқда. Биз АҚШ билан якдилмиз», — деди НАТО расмийлари.

Шундай қилиб, альянс Россияни Евро-Атлантика хавфсизлигига таҳдид деб билмоқда ва Москвани «беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатларни дарҳол тугатишга ва иттифоқчилар сингари ўз мажбуриятларини хусусан қурол назорати, қуролсизлантириш ва қуролни тарқатмаслик шартларини бажаришга чақирди». НАТО Россиядан провокацияларни тўхтатишни ҳамда Украина билан чегарадаги ва Қримдаги кескинликни дарҳол пасайтиришни талаб қилди.

«Шу билан бирга, НАТО ҳанузгача даврий, мазмунли ва мақсадга мувофиқ мулоқот учун, шунингдек Россиянинг хатти-ҳаракатлари имкон берган тақдирда, Россия билан конструктив муносабатлар учун очиқдир», — деб таъкидлади ташкилот. Хулоса қилиб, альянс Россия томони Россия-НАТО Кенгаши мажлисини ўтказиш таклифини «эътиборсиз қолдиришда» давом этаётганидан афсус билдирди.

«РБК» хабарига кўра, АҚШ президенти Жо Байденнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашув ўтказиш тўғрисидаги таклифи АҚШ ҳукумати Россияга қарши янги санкцияларни жорий этганига қарамай амалда қолмоқда. Бу ҳақда Оқ уй вакили Жен Псаки маълум қилган.

«Учрашув таклифи амалда қолади. Биз бу учрашув олдиндан айтиб бўладиган муносабатларни ўрнатиш учун яхши қадам ва давомли йўл бўлади, деб ишонишда давом этамиз», — деди Псаки.

13 апрель куни Путин ва Байден ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтган эди, унда АҚШ президенти Путин билан шахсан учрашишни ва Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилишни таклиф қилди. Кейинчалик Псаки Путин ва Байден ўртасидаги учрашув яқин ойларда бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Кино
Кино ижодкорлар томонидан ишора қилинган, аммо кўпчилик пайқамаган машҳур фильмлардаги деталлар (фото)
Дунё
АҚШ осмонида разведкачи ҳаво шари аниқланди. Пентагон шарни Хитойга тегишли деб ҳисобламоқда (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида 4 февраль куни ҳам ёмғир ёғади