Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси 8 апрель куни бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисини 23 апрель куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.
Ялпи мажлис кун тартибидан қуйидаги қонунларни кўриб чиқиш ўрин олган:
- «Ўзбекистонда чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»;
- «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»;
- «Фазовий маълумотлар тўғрисида»;
- «Ноширлик фаолияти тўғрисида»;
- «Психиатрия ёрдами тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2019 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида».
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ОТМлар битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳолати тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинади.
Шунингдек, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқиш режа қилинган.
Бундан аввал Ўзбекистонда қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши, Зомин тумани СЭОМ раҳбарининг ўз ходимларига нисбатан ҳақоратомуз ва қўпол муносабати Сенат назоратига олингани ҳамда Ўзбекистонда органлар трансплантацияси учун қонунчилик базаси яратилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)