Республикада инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти. Бу ҳақда бугун, 8 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Шавкат Мирзиёев 2021 йилда тадбиркорларда энергия таъминоти ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
«Мисол учун, электр қуввати паст бўлгани боис Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар йўқотилмоқда. Умуман, республикада инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти», – деди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, 2021 йилда тадбиркорларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга 560 миллиард сўм ажратилган. Бундан ташқари, вилоят ҳокимлари билан бирга, бир ой муддатда муаммоси мавжуд саноат зоналарини хатловдан ўтказиб, электр таъминотини яхшилаш бўйича ишлар бошланади. Бунга яна қўшимча 300 миллиард сўм ссуда маблағлари ажратилади.
«Қосимов жойига чиқиб, тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинганини ўрганади ва айбдорларни ишдан олиш ва жарима қилиш бўйича ҳар ўн беш кунда бош вазирга таклиф киритиб боради», – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Бундан аввал Ўзбекистонда чекка ҳудудлардаги ер участкаларини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш тартиби ишлаб чиқилиши ҳамда Шавкат Мирзиёев уч ой ичида сектор раҳбарлари тадбиркорлар билан ишлашда натижа қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)