Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 4 август куни Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар берди.

Бош вазирга кўра, ҲАМАС томонидан гаровга олинган яҳудий ҳарбийлари жойлашган ҳудудларда ҳам ҳарбий операциялар ўтказиш режалаштирилган. Бу қарор Исроил мудофаа кучлари бош штаби раҳбари генерал-лейтенант Эял Замирга етказилган. Замир қарорга рози бўлмаган тақдирда унинг истеъфога чиқиши билдирилган.
Шунингдек, 5 август куни эрталаб Исроил расмийларидан бири Нетаньяху Ғазо ва гаровга олинганлар бўйича кенгайтирилган йиғилиш чақирганини айтган. Унда бош вазир навбатдаги ҳаракатлар борасида барча мавжуд вариантларни кўриб чиқаётгани билдирилган.
Исроил расмийсининг қўшимча қилишича, АҚШнинг махсус вакили Стив Виткоф мамлакат президенти Дональд Трамп билан учрашиш учун Вашингтонга қайтиб кетган. У олдинроқ Ғазо секторига очарчилик ҳолатига шахсан гувоҳ бўлиш учун келганди. Эндиликда ҲАМАС билан келишув тузилган тақдирда, бўлажак шартномада барча гаровга олинганлар озод этилиши кўзда тутилади.
ҲАМАСнинг жавоби
Нетаньяхунинг Ғазони бутунлай босиб олишга доир баёнотидан сўнг, ҲАМАС ҳаракати бунга жавоб қайтарган:
“Исроилнинг бундай таҳдидлари олдин ҳам бўлган. Бундан хавотир олишга ҳожат йўқ. Бу бизнинг қарорларимизга таъсир қилмайди”.
Бу баёнот Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС, Исроил ва воситачи давлатлар ўртасида ойлаб давом этган ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокаралардан сўнг эълон қилинди. ҲАМАС музокараларга қайтиш шарти сифатида Ғазо секторига юк машиналарида гуманитар ёрдам киришини талаб қилмоқда.
Ўтган ҳафта ҲАМАС очарчиликдан азият чекаётган гаровдагилар акс этган видео ва суратларни эълон қилиб, уларнинг аҳволи оғир эканини кўрсатганди. Ҳаракатнинг таъкидлашича, анклавдаги гуманитар йўлаклар доимий равшда очилсагина, гаровдагилар озиқ-овқат билан таъминланади.

Изоҳ (0)