Россия ва АҚШ Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартномага мувофиқ ядро захираси маълумотларини ўзаро алмашди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Давлатлар ҳар олти ойда бир-бирининг стратегик кучлари ҳақидаги маълумотлари билан танишиб чиқади. Охирги марта бу 2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига нисбатан ўтказилди. Ўтган олти ой ичида Россия ядровий жанговар каллаклар сонини тўққизтага кўпайтирди, АҚШ эса 100 тага камайтирди.
2021 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, Россияда 517 та (сентябрда 510 та) қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемалари ва оғир бомбардимончи самолётларнинг баллистик ракеталари жойлаштирилган, АҚШда эса бу кўрсаткич 651 тани (сентябрда 675 та) ташкил қилади. Россиянинг ушбу ташувчиларида 1456 та (сентябрда 1447 та), АҚШникида эса 1357 та (сентябрда 1457 та) ядровий жанговар каллаклар мавжуд.
Шунингдек, Россия жойлаштирилган ва жойлаштирилмаган ишга туширувчи қурилмалари сонини учтага кўпайтириб, уларнинг сонини 767 тага етказди. АҚШда эса бу кўрсаткич сентябрдан буён ўзгаришсиз қолди (800 та).
Аввалроқ Эрон ядровий келишувига аъзо давлатлар АҚШнинг ушбу битимга қайтишига ёрдам бермоқчилигини маълум қилганди. АҚШ Венадаги музокараларда воситачилар орқали иштирок этиш режаларини тасдиқлади. «АҚШ Давлат департаменти ҳозирча Эрон билан тўғридан-тўғри музокараларга умид боғламайди, аммо бу имкониятга очиқ бўлиб турибди», — деган департамент вакили.
Шимолий Корея эса иккита янги бошқарилувчи тактик ракеталарни синовдан ўтказганини маълум қилди. Синовлар 25 март куни бўлиб ўтган. Кореялик ҳарбийлар хабарига кўра, иккала ракета ҳам КХДР шарқий қирғоқларидан 60 километр масофада жойлашган нишонга муваффақиятли бориб тегган. Муваффақиятли парвоз ҳақида давлат раҳбари Ким Чен Ин хабардор қилинган.
Изоҳ (0)