Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус инфекциясининг Америка ҳарбий лабораторияларидан тарқаганлиги эҳтимолини ўрганиб чиқиши керак, деб таъкидлади Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: EPA

«Лаборатория шароитида вирус пайдо бўлиши эҳтимолининг сақланиб қолиши тўғрисида гапирганда, мутахассислар, агар зарурат бўлса, бутун дунё бўйлаб лабораторияларда тадқиқотлар олиб боришини таъкидлади. Барчамизга маълумки, бундай тадқиқотлар Ухань лабораториясида ўтказилган. Лекин Форт-Детрик мутахассислар учун қачон очилади?» — деди Чуньин ОАВ ходимлари билан бўлган учрашувда.

Шунингдек, у ОАВда Форт-Детрик лабораторияси ҳақида маълумот йўқлигини қўшимча қилди.

«2019 йилнинг июнь ойида бу лаборатория ҳақида янгиликлар пайдо бўлди, кейин яна йўқолиб кетди», — деди дипломат ва Хитой ҳукуматининг коронавирус келиб чиқишини ўрганишда ЖССТ мутахассислари билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

«Бу тергов-суриштирув ишлари эмас, илмий тадқиқот. У глобал характерга эга бўлиши ва дунёнинг ҳеч бир нуқтасида чегараланмаслиги керак», — деди Хуа Чуньин.

Маълумот учун, АҚШнинг Мэриленд штатидаги Форт-Детрик лабораториясида Уолтер Рид номидаги қуруқлик кучларининг Илмий-тадқиқот институти жойлашган. Муассаса Пентагонга бўйсунади ва биотиббиёт тадқиқотлари билан шуғулланади.

Аввалроқ номаълум хакерлар янги турдаги коронавирусни тадқиқ қилиш билан шуғулланаётган Оксфорд университети лабораториясининг компьютер тизимига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилди. Hold Security асосчиси Алекс Ҳолденнинг сўзларига кўра, киберҳужум февраль ойининг ўрталарида COVID-19 устида тадқиқот олиб бораётган Strubi номи билан танилган тизимли биология бўлимида амалга оширилган.

Шунингдек, ЖССТ мутахассислари коронавирус инфекцияси одамларга тўрт хил йўл — ҳайвондан, ўзаро алоқа, музлатилган овқатдан ва лаборатория ҳодисаси туфайли юқишини аниқлади. Бу ҳақда Ухань шаҳридаги матбуот анжуманида сўзга чиққан ЖССТ экспертлари халқаро гуруҳи раҳбари Питер Бен Эмбарек маълумот берди.