«Gazeta.uz»да Комил Жалилов муаллифлигидаги «Баҳс ва муроса алифбоси» («Альфавит спора и альфавит примирения») мақоласини ўқиб қолдим. Мақола ўзбекча таржимада ҳам берилган. Муаллифнинг баъзи фикрларига қўшиламан, баъзиларига эса йўқ. Албатта, ҳар ким фикр айтиш ҳуқуқига эга ва шу ҳуқуқдан фойдаланиб, ўз муносабатимни билдириб ўтмоқчиман.
Муаллиф «ш» товуши ş, sh, sch ёки ch ҳарфи билан ёзилишидан қатъи назар, одам белгини эслаб қолиши ва сўзни тушунишда муаммо бўлмаслигини айтади. Тўғри, сўзни тушунишда муаммо бўлмаслиги мумкин. Амалдаги алифбода чоп этилган китобларни ўқиганлар тушунмай қолаётгани йўқ. Муаммо бунда эмас. Муаммо — бу ҳарфларни ёзиш, компьютерда териш ноқулайлигида. Баъзи ҳолатларда қўшҳарфларни ифодалаш билан боғлиқ чалкаш ҳолатлар ҳам юзага келади.
Муаллиф «инглиз тилидаги 44 та товуш лотин алифбосининг атиги 26 та ҳарфи ёрдамида (боз устига, ҳеч қандай махсус ҳарфлар ва диактрик белгилардан фойдаланмаган ҳолда) ифодаланади» деган далилни ҳам келтиради ва sh, ch ва th каби ҳарфий бирикмалар битта товушга мос келиши мумкинлигини айтади. Тил ва имлони ўзаро чоғиштириш, шунга кўра хулосалар олиш яхши. Лекин ҳар доим ҳам эмас. Ўзбек тилининг табиати инглиз тилидан кескин фарқ қилади. Инглизча сўзларнинг аксарияти ёзилганидан фарқли шаклда ўқилади. Келтирилган ҳарфий бирикмалар инглиз тили алифбосига киритилган ҳам эмас. Ўзбекча сўзларда «ш» ва «ч» товуши кўп учрайди ва уларни қўшҳарфда ёзиш юқорида айтилгани каби матн теришда ўнғайсизлик туғдиради.
Кирилл алифбоси ҳам, амалдаги ва ислоҳ қилинадиган алифбо ҳам ўзбек тилининг барча товушларини акс эттирмаслиги аниқ. Муаллиф айтган ŋ товуши билан боғлиқ ҳолат эса ўзбек кирилл ёзувининг нуқсони, фазилати эмас. Агар 1940 йили «нг» товуши кирилл ёзувида ҳам битта ҳарф билан ифодаланиши қабул қилинганида, бу товуш билан боғлиқ бугунги муаммолар пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Ҳозир биз сингил, кўнгил каби сўзларда «нг» товушидан кейин яна битта «г» товуши орттирамиз ва синг-гил, кўнг-гил деб талаффуз қиламиз. Ҳатто республика даражасидаги телеканалларнинг баъзи сухандонлари ҳам «нг» товушини алоҳида «н» ва «г» тарзида ифода этади. Бунга товушнинг икки ҳарф билан ифодалангани ҳам катта таъсир қилган, деб ўйлайман. Бироқ энди бу товушни битта ҳарф билан ифодалаш ўзини оқламайди. Талаффуздаги хатолар имлодаги хатоларга олиб келади ва чалкашликлар, адашишлар сони ортади.
Алифбодаги қийинчиликларимизни, ўнғайсизликларни дастаклаш учун бошқа тиллар, ёзувлардан қандай далил келтириш мумкин бўлса, алифбо ислоҳи бўйича ҳам худди шу йўлни тутиш мумкин. Инглиз тилига яқин бўлган, у билан бир оилага мансуб тилларнинг алифболарига бир кўз югуртирайлик. Аксарият тиллар стандарт инглиз алифбосига ёки шу асосда ишланган клавиатурага ўзгартиришлар киритган, ўзига мослаган. Ўзбек тили ҳам шу ҳуқуқдан фойдалансин — тил табиатига ҳозиргидан мосроқ алифбони, енгилликни танласин. Алифбо инглизлар учун эмас, ўзбеклар ва ўзбек тилидан фойдаланувчилар учун-ку.
Муаллиф кирилл ёзувидаги ҳолатларни ҳам мисол келтириб, «битта товушни ифодалаш учун битта белгидан эмас, балки бир нечта белгилар бирикмасидан фойдаланиш нормал ҳолатдир» деган хулосага келади. Учинчи бор такрорланаётган бўлса-да, яна ўша гапни айтишга тўғри келади — гап қўшҳарфларнинг нормаллигида эмас, ноқулайлигида.
Мақоланинг кейинги бўлимида асосан бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларига ўрин берилган. Орада бир-икки жумла билан муаллиф муносабати ҳам берилган.
«Ц» масаласи, жумладан, «Цой» исмини ёзиш масаласига келсак. Бир миллат тили ва ёзувида бошқа бир миллатга хос товуш бўлмаслиги табиий ҳолат. Масалан, Улуғбек исмини руслар «Улугбек» деб талаффуз қилади ва ёзади. Ҳеч ким бориб ёқасидан олмайди-ку: «Нега менинг исмимни хато айтяпсан, хато ёзяпсан?!», деб. Агар «Цой» исми лотинча имлода «Soy»га айланиши исм эгасига ёқмаса, «Tsoy» деб ёзиш мумкин. Шундай исмларни йиғиб чиқиш ва ёзилишини қоида сифатида белгилаб қўйиш етади. Илмий тилдаги «ц» товушли сўзларни бемалол «s» билан ёзавериш керак. Бундай сўзлар тилда фаол эмас. «S» билан ёзиш туфайли ҳосил бўладиган бир-иккита омоним сўзнинг фарқига боролмай қолиш эса илмий соҳа вакилининг ўз соҳасидан яхши хабардор эмаслигини кўрсатади, холос.
Бундан ташқари, «ц»ли сўзларнинг кўпи аслан русча эмас ва аслиятда «ц» билан ёзилмайди. Биз чет сўзни руслар қандай ўзлаштирган бўлса, шундоққина кўчириб олганмиз. Тўғрироғи, собиқ Иттифоқ даврида шундай анъана жорий этилган. Масалан, инглизча «information» сўзида «ц» товуши йўқ, лекин биз уни «информация», «информацион» деб айтамиз ва ёзамиз. Хуллас, «ц» товушини ёзувда ифодаламаслик ўзини оқлайди. Ўзбек барибир уни аслидагидай талаффуз этмайди. Бир ўринда «с», бошқа ўринда «тс» деб айтади.
«Ц» товушининг ўзбек тилига ётлиги ва ортиқчалиги ҳақида кўпчилик етарлича ёзди. Уларни бу ерда такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Одамларга қулай бўлсин деб, тилимизда бор товушлар ҳам алифбога алоҳида ҳарф сифатида киритилмаётган бир пайтда «ц»ни киритиш мутлақо ўринсиз, менимча.
Алифбода «c» йўқ бўлгани ҳолда, «ç» ҳарфи бўлиши ҳам жуда ажабланарли эмас. Иккиси бир-биридан фарқланувчи алоҳида ҳарф. Балки, ислоҳ қилинаётган алифбода «c» белгисини «ч» товушини ифодалаш учун ишлатиш керакдир?
«Ҳ» ва «х»нинг бирлашиши ҳам жуда кўп омоним ҳосил қилмайди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 30 танинг нари-берисида омоним ҳосил бўлар экан. Шу 30 та омонимни эслаб қолиш икки хил ҳарфни фарқлаш учун минглаб сўзларни ёдда сақлаш юкидан анча енгил.
Харажатлар масаласи ҳақида етарлича тушунтиришлар берилди, менимча. Бу борада эътирози бўлганлар ўша тушунтиришларни ўқиб, шунда ҳам қаноат ҳосил қилмагач, эътироз билдирса, яхши бўларди. Мақсад — ечим топиш-ку.
Мақоланинг учинчи бўлимида бевосита лойиҳага муносабат билдирилган. Муаллифнинг товушлар қандай белгилар билан ифодаланиши тилнинг нуфузига таъсир қилмаслиги ҳақидаги фикрига қўшиламан. Дарҳақиқат, бу масаланинг моҳияти ўзбекча манбаларни кўпайтириш ва ундан кенг миқёсда фойдаланиш имконини яратишда. Аммо нуқсонли алифбо ҳам, ундан фойдаланишда давом этиш ҳам тилга обрў олиб бермаслиги аниқ.
«Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ қандай муаммолар лотин ёзувига тўлиқ ўтишга тўсқинлик қилаётгани ва таклиф қилинган алифбо бу муаммоларни қандай бартараф этиши борасида аниқ тушунтиришлар берилса, мақсадга мувофиқ бўларди», деб ёзади Комил Жалилов. Балки, муаллифнинг хабари йўқдир, бу борада тушунтириш берилди, мулоҳазалар айтилди. Ўз ўрнида, амалдаги алифбо тарафдорлари ҳам ҳозирги алифбо «чорак асрга чўзилган янги алифбога ўтиш масаласи»га нега ечим бўлмагани, «икки алифбо ўртасидаги аросат»га нега барҳам бермагани, ҳатто шу имлода саводи чиққанлар ҳам баъзида кириллни афзал кўраётгани ҳақида тушунтиришлар бериши мантиқан тўғри бўлади. Хўш, ҳозирги алифбода давом этсак, нима ютамиз? Алифбо билан боғлиқ мавжуд муаммоларни, ноқулайликларни қандай ҳал этамиз? Нега баъзи постсовет давлатлари лотин ёзувига тўла ўтиб кетди? «Ş», «ç» каби ҳарфлар нима учун уларга халал бермади?
Клавиатура ишлаб чиқиш масаласига келсак. Қўшҳарфлар клавиатуранинг битта тугмасига боғланадиган бўлса, янги муаммолар келиб чиқади, чунки компьютер уни барибир иккита ҳарф деб қабул қилади. Жумладан, бош ҳарфларни ёзишда хатога йўл қўяди. Бу жараённи ўзим амалда синаб кўрганман. Бу борада мутахассис билан ҳам фикр алмашганман. Ҳатто мутахассиснинг асосларига қаноат қилмай, қўшҳарфлар битта тугмада чиқадиган клавиатура вариантини ҳам яратиб кўрдим. Ўхшамади, янги муаммолар пайдо бўлди. Бу борада хулосам аниқ: амалдаги алифбонинг қўш ҳарфлари ва белгили ҳарфларини компьютер клавиатурасида битта тугмага жойлаб бўлмайди.
Мақола сўнгида муаллиф: «агар амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қайсидир маънода нуқсонли, ўзбек тилидаги барча маъноларни етказа олмайдиган бўлганида эди, шу вақт ичида, биз ҳужжатларни бу алифбода чоп эта олмасдик, китоблар, дарсликлар, газеталар, журналлар нашр эта олмасдик, эълонлар ёзолмасдик, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилолмасдик, сайтларни лотин ёзувида саҳифалай олмасдик», дейди. Менимча, шу жойда моҳият калаваси йўқолган. «Амалдаги алифбо маъноларни етказа олмайди» деган гап йўқ, бўлса ҳам, кўпчиликнинг фикри эмас. Алифбо ислоҳи тарафдорларининг асосий эътирози ҳозирги алифбонинг матн териш учун ноқулайлиги, визуал қабул қилишдаги камчиликлари ҳақида.
Қулайликнинг нисбийлиги масаласига келсак, ислоҳот тарафдорлари, дейлик, менинг орзуйим ана шу нисбий қулайликка эришиш.
Макрон белгили ҳарфлар масаласида муаллиф билан ҳамфикрман. Бу ҳарфлар ўрнига Ŏŏ ва Ğğ ҳарфлари киритилиши тарафдориман. Бу ҳолда шрифтлар билан боғлиқ муаммо ҳам бўлмайди.
Муаллифнинг аксар фикрлари ва талқинларига қўшилмасам-да, бир масалада унинг фикрни тўлиқ қўллаб-қувватлайман — алифбо исталган пайт ўзгартириладиган матоҳ эмас, ўзгаришлар пухта ўйланган бўлиши керак. Токи орадан маълум вақт ўтиб, яна ўзгаришга эҳтиёж сезилмасин.
Бугунги ислоҳот ҳаракатларида шахсан мен ҳеч бир сиёсий сабаб кўрмаяпман. Мақсад — алифбони фойдаланувчилар учун қулайлаштириш, шу орқали фойдаланиш кўламини кенгайтириш.
Баҳслардан кўзланган мақсад ҳам фақат «меники тўғри», «фақат мен биламан» деган қарашни олға суриш эмас, ўзаро муросага келиш, кўпчиликнинг фойдасига, ёзувнинг оммалашишига хизмат қиладиган ечимни топишдир.
Ориф Толиб,Республика таълим маркази мутахассиси
Мавзуга доир:
- «Алифбо минтақавий интеграцияга хизмат қилиши керак». Ғайбулла Бобоёров таклиф этилаётган янги лотин алифбоси ҳақида
- «Ўзбек тилида битта товушни англатувчи ҳарфлар учун иккита ҳарф белгиланган. Бу ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ» — Департамент алифбодаги ўзгаришларга муносабат билдирди
- Ўзбек алифбосининг уч олтин қоидаси. Фарҳод Мақсудов таклиф этилаётган янги лотин алифбоси ҳақида
- «Тўрт ҳарф ўзгаришини миллат тинчлигини бузиш деб баҳолаш тўғримикан?». Адлия вазири маслаҳатчиси лотин алифбосидаги ислоҳотларга қарши чиққан тилшуносга жавоб қайтарди
- «Хатони тузатиш хатодан қимматга тушмаслиги керак». Тилшунос Бахтиёр Менглиев лотин алифбосидаги ислоҳотларга қарши чиқди
Изоҳ (0)