Андижонда 594 грамм гашишни оёқ кийимларига яшириб олиб ўтишга уринган шахс ушланди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, Андижон вилояти божхона бошқармаси «Дўстлик» чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга кириб келган фуқаро Х.Р.нинг оёғига кийиб олган қора рангли кроссовкаси оғирлиги ҳамда таг қисми қалинлиги божхоначилар эътиборини тортган ва ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган.
Натижада унинг оёқ кийимлари ичида 4 дона полиэтилен пакетларга ўралган, вазни 594,05 граммни ташкил этувчи гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Мирзо Улуғбек туманида 9,2 миллиард сўмлик қалбаки дориларни қадоқлаб сотишга уринган шахслар қўлга олингани, ДХХ Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган бир неча шахсни қўлга олгани ҳамда Тошкент вилоятида қарийб 1 миллиард сўмлик гиёҳванд ва психотроп дори воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)