Бирлашган Араб Амирликларида Дубай молия вазири, Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактумнинг акаси Ҳамдан ибн Рашид Ал Мактум вафот этди. Бу ҳақда амир ўз Twitter саҳифасида эълон қилди, деб ёзмоқда «РБК».
«Биз Аллоҳникимиз ва барчамиз унга қайтамиз. Аллоҳ меҳрибонинг бўлсин, акам, таянчим, дўстим», — деб ёзган у.
The National газетасининг хабар беришича, 2020 йилнинг октябрь ойида 75 ёшли Ҳамдан Ал Мактум чет элда операция қилинган эди. Март ойининг бошида реабилитация курсларидан кейин у Дубайга қайтган. Операция тафсилотлари ва у амалга оширилган жой ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳамдан Ал Мактум 1990 йилда вафот этган Дубай амири шайх Рашид ибн Саид Ал Мактумнинг иккинчи ўғли. У 1971 йили БААда биринчи вазирлар маҳкамаси ташкил этилганидан буён Молия вазирлигини бошқарган.
Gulf News’нинг ёзишича, ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб Ҳамдан Ал Мактум амирлик саноатини, Дубай муниципалитетини, маҳаллий Савдо палатасини ва бир нечта давлат ташкилотларини бошқарган.
Аввал шайх Халқаро валюта жамғармаси ва Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотида (ОПЕК) Дубайнинг расмий вакили бўлган. Бундан ташқари, шайх Ҳамдан Ал Мактум 1995 йилдан укаси, Дубай амири ва шу билан бир вақтда Дубай бош вазири Муҳаммадга ўринбосарлик қилган.
2006 йили у дунёда биринчи бўлиб Лондон Қироллик коллежининг учта дипломини, шунингдек, тиббиёт стипендиясини олган. Шайх тиббиёт соҳасида ҳар йили топшириладиган халқаро Sheikh Hamdan Bin Rashid Al Maktoum Award for Medical Science мукофотининг асосчиси ҳисобланади.
Изоҳ (0)