Тошкент вилоятида карантин қоидаларига амал қилиш назорати кучайтирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу борадаги қарор Тошкент вилояти ҳудудида касаллик тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят масъуллари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда қабул қилинган.
Унга кўра, асосан аҳоли гавжум бўладиган бозор ва савдо марказлари, жамоат жойлари ва жамоат транспортларида ижтимоий масофани сақлаш, ҳимоя ниқобини тақиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан вилоят ҳудудида назорат тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги такси ва қурилиш соҳасида карантин чоралари кучайтирилиши, пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча тузилмаларда турли йиғилишларни ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди. Коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкентдаги айрим мактабларда ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, бозор ва савдо марказларида карантин талаблари кучайтирилди.
Изоҳ (0)