Аргентина полицияси мамлакат президенти Альберто Фернандес ўтирган автомобилга ҳужумда гумон қилиб, беш кишини қўлга олди. Бу ҳақда маҳаллий Todo Noticias телеканалига таяниб, «РБК» хабар берди.
Полиция ходимлари тергов ҳаракатлари, шу жумладан, бир неча марта тинтувлар ўтказди. Телеканал хабарига кўра, полициячилар президент автомобилига ҳужум уюштирган саккиз нафар жиноятчининг шахсини аниқлади ва уларнинг беш нафарини қўлга олди.
Президент Фернандес ўтирган микроавтобусга 13 март куни давлат раҳбари Чубут провинциясидаги ёнғиндан зарар кўрган ҳудудларга ташрифи чоғида ҳужум уюштирилган. Расмий делегация Лаго-Пуэло шаҳарчаси бўйлаб микроавтобусда ҳаракатланаётган эди. Транспорт провинция губернатори Мариано Арчони томонидан тарғиб қилинаётган кон лойиҳасининг амалга оширилишига қарши норозилик билдиргани чиққан намойишчилар билан ўраб олинди. Кейин улар транспортни тошбўрон қила бошлади ва унинг ойналаридан бирини синдирди. Воқеа натижасида ҳеч ким жабрланмади.
Изоҳ (0)