Тошкент шаҳридаги боғчаларнинг бирида 4 нафар коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланди, дея хабар қилмоқда Мактабгача таълим вазирлиги.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 13 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида 2 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячида коронавирус инфекцияси аниқланди.

15 март куни эса ушбу мактабгача таълим муассасасининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун 12-моддаси «ж» бандига асосан мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ва тарбияланувчилари 14 кунлик тиббий назоратга ўтказилади.

Бундан аввал Тошкентда коронавирусга чалиниш ҳолатлари асосан ўқувчилар, талабалар ва ташкилот ходимлари орасида кўпайгани маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз 14 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 111 та янги ҳолат аниқлангани, бу 2020 йил 24 декабрдан (112 та ҳолат) бери кузатилган энг ёмон антирекорд экани ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу 111 та ҳолатнинг 93 таси Тошкент шаҳрида аниқланган. Умуман олганда, Тошкентда сўнгги бир ҳафта ичида касалланиш ҳолатлари сони кескин ошган. Шу муносабат билан шаҳарда карантин талабларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилиши маълум қилинди.