Покистоннинг Форс кўрфазидаги режаси қандай? Нега Фарер ороллари кучли давлатлар ўртасида рақобат майдонига айланмоқда? Байден Германияни жазоламоқчими? Шулар ҳақида анъанавий жаҳон матбуоти шарҳида танишинг.
Покистоннинг Форс кўрфазидаги режаси қандай?
Ҳиндистон сиёсий фаоллигини ошириб боришга интилар экан, Покистон ҳукумати ҳам Форз кўрфази мамлакатлари билан сиёсий, иқтисодий муносабатларни фаоллаштиришга жазм қилган деб ёзади, The Middle East Eye нашри.Январь ойининг охирларида Покистон армияси генерали Камар Жавод Бажва Қатарга икки кунлик сафар қилди. Бу ташрифга унча урғу берилмаган бўлса-да, бу ташрифнинг расмий Деҳли ва Исломобод ўртасида юзага келган совуқ муносабатлардан сўнг амалга оширилаётгани Покистон ҳам Форз кўрфази минтақасида ўзининг сиёсий ва иқтисодий фаоллигининг йўқолишига қарши ҳаракат қилаётганидан дарак.
Покистон ва Форс кўрфази мамлакатлари дастлаб ўз яқинликларини диний яқинлик асосига қуриб келган бўлса, бугун бу яқинлик стратегик ва иқтисодий даражагача кўтарилишига ҳаракат қилишмоқда. Ҳарбий соҳадаги яқинлик ҳарбийларни тайёрлаш ва хавфсизлик борасида ҳамкорлик қилишни назарда тутса, иқтисодий соҳадаги яқинлик энг аввало покистонликларнинг Форс кўрфази мамлакатларида ишлаш ҳуқуқи борасида кетмоқда. Авваллари Покистон Форс кўрфази мамлакатлари билан асосан диний ва маданий соҳаларда ҳамкорликка эътибор берилган ҳолда амалга оширилган бўлса, бугунда барқарор иқтисодий алоқалар учун ҳам замин яратишга урғу берилмоқда. Расмий Исломобод яқинда расмий Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасида юзага келган низони ижобий ҳал қилишда воситачилик қилишга ҳам тайёрлигини билдирди. Покистон учун гарчи энергетика масаласи етакчи бўлсада, Форс кўрфази мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш истиқболи унчалик ҳам яхши эмасдек эди.
Покистон ҳукумати кўпдан бери ўзини Яқин Шарқдаги тинчликнинг тарафдори сифатида намойиш қилиб келмоқда. Форс кўрфази мамлакатлари ҳам бу борада Покистоннинг саъй ҳаракатларини эътироф этиб келмоқда. Аммо 2015 йилда Яманда юзага келган ихтилофда Покистон ўз тинчликпарвар кучларини Ямандаги урушга юбора олмади ва натижада Покистоннинг Яқин Шарқдаги мавқеига путур ҳам етди. Оқибатда Покистоннинг минтақадаги рақиби Ҳиндистон вазиятдан унумли фойдалана олди. Қолаверса, яна бир жиҳат, расмий Исломобод расмий Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги низони ҳал қилишда воситачиликка интилиши Покистонга ҳеч қандай бир устинлик бермайди.
Моди ҳукумати эса террорризмга қарши кураш ва Ҳиндистондаги нефть лойиҳалари борасида саудияликларнинг дастаклашига ва Саудия Арабистони сармояларининг Ҳиндистонга жалб қилинишига ҳам эришди. Эндиликда Ҳиндистон Покистонни иқтисодий жабҳада, айниқса, Форс кўрфазида ишловчи мигрантлар ҳисобига ҳам минтақадан сиқиб чиқармоқда. Ҳинд юқори мартабали қуролли кучлари қўмондонининг Форс кўрфазига ўтган йилдаги сафари ҳам Ҳиндистоннинг минтақада ўсиб бораётган сиёсий вазнидан дарак бермоқда.
Форс кўрфази мамлакатларининг Исроилга нисбатан ўзгариб бораётган сиёсати ҳам Форс кўрфази ва Покистон муносабатларига сезиларли салбий таъсир қилмоқда. Покистон ҳукумати Исроилни расмий жиҳатдан таън олмаслиги ҳозирга қадар халқаро миқёсда эътирозларга сабаб бўлиб келади. Ҳиндистоннинг Исроил билан информацион технологиялар, мудофаа, хавфсизлик борасидаги алоқалари эса Форс кўрфази мамлакатлари учун ўзига хос жалб қилувчи имконият ҳисобланмоқда. Саудия Арабистони, БАА Ҳиндистоннинг Исроил билан алоқаларини олқишлар экан, Исроилнинг дўсти бизнинг дўстимиз нақлига амал қилаётгандек. Ҳиндистон ўз навбатида Исроилнинг йирик қурол сотиб олувчи ҳамкорларидан ҳам саналиши эътиборга олинса, гап нима ҳақида кетаётганини тушуниб олиш осон бўлади.
Форс кўрфази мамлакатларининг Кашмирдаги Покистон муаммосига нисбатан эътиборсиз қолаётгани ҳам Покистон ва Форс кўрфази мамлакатлари орасидаги узоқлашиш учун асосдек. 2020 йилнинг август ойида Покистон ҳукумати Саудия Арабистонини Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғинида аёвсиз танқид қилди. Сабаб мусулмон давлатлари Кашмирдаги мусулмонлар тақдирига бефарқлик билан ёндашаётгани бўлди. Покистон танқид қилса, Ҳиндистон Форс кўрфази билан ўз дипломатик алоқаларини анча яхшилаб олди. Покситонлик сиёсатчилар Форс кўрфазидаги умидлари тобора йўқолиб бораётганини тушунишлари эса муҳим.
Покистон ўз мақсадларига эришишни истар экан энг аввало Форс кўрфазидаги ўз муҳожирларини рақобатбардош қилишни мақсад қилиши ва уларни Saudi Vision 2030, Kuwait Vision 2030 ва Oman Vision 2040 лойиҳаларида кўпроқ жиддийроқ ҳаракат қилиши лозим. Бу эса покистонлик меҳнат муҳожирларининг Яқин Шарқдаги рақобатбардошлигини таъминлаши мумкин.
Қолаверса, Покистон ҳукумати Форс кўрфази мамлакатларидаги аграр соҳадаги муаммолардан бири сув танқислигини инобатга олган ҳолда ўз салоҳиятини мазкур мамлакатлардаги соҳани ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга сармоя киритишга қаратиши лозим. Бу орқали эса Покистон Форс кўрфази минтақасини озиқ-овқат занжири халқаро саноатига киришига ёрдам берган ва ўз нуфузини ошириб олган бўлади. Покистон эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи етакчи мамлакатлардандир.
Покистон пандемия авжига чиққан бир пайтда ўз тиббиёт ходимларини Яқин Шарқ мамлакатларига ёрдам бериш борасида сафарбар қилгани ҳам мамлакатнинг Кувайт, Уммон билан яқин муносабатлар ўрнатилишига имкон берди. Шунингдек, Покистон ва Араб федерацияси каби ҳаморликнинг ташкил қилиниши ҳам ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тузатиш учун Покистонга қўл келиши мумкин.
Форс кўрфази билан яқин алоқаларни янада ривожлантириш имконияти эса Хитойнинг Форс кўрфазига ҳам алоқадор бўлган «Бир камар – бир йўл» дастури бўлиши мумкин. Покистон бу дастурда эса фаолроқ қатнашиб келмоқда.
Фарер ороллари нега қудратли давлатларнинг рақобат марказига айланмоқда?
Технологиялар ривожланар экан Арктика музликлари ястаниб ётган ҳудудлар энергетик захираларга, ер ости бойликларига эга бўлишга интилаётган қудратли кучларнинг геосиёсий жиҳатдан диққат марказига айланмоқда, деб ёзади The Telegraph нашри.
АҚШ ва Россия ҳамда Хитойнинг рақобатлашув майдонига айланган оролликлар бу рақобатни ўзларида ҳис қилмоқдалар. Сўнгги пайтларда расмий Кремль ва НАТО раҳбарларининг оролга тез-тез ташриф буюраётгани оролликларни безовта ҳам қилмоқда.
Фарер оролларининг пойтахти Торсхавн узра бўй чўзган Сорнфелли тоғ тизмалари тепаликларида голф майдончаларини эсга солувчи ҳудудлар мавжуд. Совуқ урушнинг ниҳоясига етиши билан рус учоқлари ва сув ости кемалари бу ҳудудда тез-тез ўзларини оммага билдириб қўймоқда. Шу боисдан ҳам Фарер ороллари учун Арктикадаги рақобатчилик руҳи оролликларнинг тақдирини ўзгартириб юборишга яқин турибди.
Февраль ойида Дания ҳукумати Фарер ороллари ҳукуматига оролдаги собиқ Дания ҳукуматига тегишли бўлган радиолокацион қурилмаларни замонавийлаштиришга кўмак бериш мақсадида маблағ ажратишини маълум қилди. Сумма ҳам оз эмас кўп эмас 170 миллион фунт стерлингни ташкил қилмоқда. Шунингдек, Фарер ороллари ҳукумати ва Дания Гренландияни тадқиқ қилиш учун учувчисиз учоқлар харид қилиш борасида ҳам шартнома имзолашди.
Кейинги ҳафтада эса мазкур масала борасида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Фарер ороллари ташқи ишлар вазири Янис Рана билан музокаралар ўтказади. Бу эса АҚШлик юқори мартабали меҳмоннинг Фарер ороллари ҳукумати билан яқин бир йил ичида ўтказаётган иккинчи учрашуви ҳамдир.
Участка тиббиёт ходими вазифасини бажариш билан биргаликда Фарер ороллари Ташқи ишлар вазирлигини бошқариб келаётган 68 ёшли Янис Рана Арктикадаги иқлим ўзгаришига алоқадор бўлган вазият оролликларни ҳам ташвишга солаётгани боз устига АҚШ, Хитой ва Россиянинг Фарер оролларига кўпроқ диққат қаратаётгани хавотирларга асос дейди. Ташқи ишлар вазири вазиятнинг бундай тус олиши бошқа тарафдан имконият эканини айтар экан, фарерликлар бундан фойдаланишини ҳам таъкидлайди. Фарер бу билан дунё сиёсий саҳнасининг эътиборига тушиши оролликлар учун яхши имкониятлигини таъкидлайди.
Фарер ороллари Дания қироллиги таркибига кирувчи Атлантика океанининг қоқ марказида Шотландиядан 350 километр шимоли ғарбда жойлашган ҳудуд ҳисобланади. АҚШ бу ҳудудни Арктикага элтувчи муҳим корридор деб ҳам атаганди. Собиқ президент Дональд Трамп ҳаттоки бу ҳудуднинг аҳамиятини эътироф этган ҳолда Гренландияни сотиб олиш борасида фикрлари билан бутун дунёни ҳаяжонга солиб ҳам қўйганди. Майк Помпео эса иқлим ўзгариши оқибатида музликларнинг эриши минтақадаги нефть, газ ва олтин конларини ўзлаштиришга имконият очилаётгани манзарасида Хитой ва Россия бу ҳудудда агрессив ҳаракатланишга ўтганини ҳам таъкидлайди.
Саҳна ортида Помпео Фарер ороллари юқори мулозимлари ва Дания ташқи ишлар вазири билан ўтказган мулоқоти чоғида ҳамкорлик ҳақида келишув имзолашга эришади. Даниядаги халқаро муносабатларни таҳлил қилувчи сиёсатшунос Миккел Рунге Олесен назарида «Фарер ороллари ўзининг жойлашуви ортидан дунё геосиёсатининг марказига тушди». Буни эса Россия ва НАТО кучларининг Арктика минтақасида рақобатга киришганидан ҳам илғаш мумкин.
Британия ҳукумати ҳам Арктикадаги фаолиятини жонлатирган ҳолда, Хитой ва Россия ҳукуматини бу ҳудудда жонланиб қолганидан ташвишда. Фарер оролларида радио локацион қурилмаларнинг иш бошлаши эса Британия учун радиолокацион бўшлиқни тўлдиришга имкон беради ва рус кемаларининг ҳаракатланишидан воқиф қилади. АҚШнинг Фарер оролларидан радиолокацион қурилмаларни ишлатишда фойдаланиш Британия учун ҳам айни муддао.
Фарер ороллари 2019 йилда Пекинда ўз консулхонасини очди ва Хитойга арктика балиқларини етказиб бериш ишларини бошлаб юборди. Хитой ҳам бундан фойдаланиб, Фарер ороллари ҳукуматига босим ўтказган ҳолда ҳудудда Huawei компаниясининг 5G тармоғини ўрнатишни таклиф қилди. Фарерликлар айни пайтда бу борада бирор-бир қарорга келишни ортга суриб келмоқда.
Хулоса қилганда, Фарер ороллари ҳеч бир қудратга имкон бермай, вужудга келган вазиятдан ҳам АҚШ, ҳам Россия, ҳам Хитой билан фарерликлар учун манфаатли бўлган имтиёзли келишувга эришишга умид қилар экан, Фарер ороллари бирор бир кескинликни келтириб чиқаришга ундайдиган шартномалардан тийилишни мақсад қилган.
Байден Германияни жазолайдими?
The Washington Ehaminer нашри АҚШ Германияни «Шимолий оқим-2» лойиҳасидаги иштироки ва Хитой билан илиқ муносабатларини танқид қилар экан, Германияни имзоланган битимлардан бош тортишга ундамоқда, деб ёзади. Байден атрофидаги сиёсатчилар эса Россия борасида Германияни аяб ўтирмасликка чақирмоқда.
Президент Байден Меркель ҳукуматини танқид остига олар экан, Германия АҚШнинг энг муҳим стратегик ҳамкори эканнини айтишни ҳам унутмайди. Меркель ҳукумати ўтмишга айланар экан, жаноб Байден Германия билан «умумий иш» учун биргаликда ҳаракат қилмоқчилигини ҳам алоҳида таъкидламоқда.
Фактларга тўхталадиган бўлсак, Меркель ҳукумати Байденнинг ҳокимиятга келгунига қадар Европа Иттифоқининг Хитой билан ҳамкорлик қилиш борасидаги келишувига ундаб келди ва шартнома имзолади. Германия айни пайтда ҳам Хитой билан имзоланган иқтисодий келишувлар ўзини оқлашига катта ишонч билдирмоқда.
АҚШнинг Германияга билдирган иддаосига кўра, Германия НАТО блокига аъзо мамлакатлар орасида ташкилотнинг равнақи учун йиллик даромадининг 2 фоизини ажратиши керак бўлган ҳолда, 1,3-1,4 фоиз миқдорда маблағ ажратмоқда. Германия ҳукумати 2024 йилга бориб бадалларни 2 фоизлик даражага етказишга ваъда берган бўлсада, кейинроқ бу бадалларни тўлашдан ҳам бош тортди.
Қолаверса, Германия Россия билан имозланган «Шимолий оқим-2» лойиҳасини амалга ошириш борасида ташаббус кўрсатаётгани расмий Вашингтонда ҳадик уйғотмоқда. Бу эса ғарбпараст бўлган Украинанинг энергетика қувватини заифлашувига олиб келиш билан биргаликда, Ғарбни рус энергия захираларига қарам қилиб қўяди, деган хавотирлар ҳам мавжуд. Бу ҳам етмаганидек, Германия кўп йиллардан бери Украина тарафига рус энергия захираларини етказиб бериш борасида босим ўтказиб келади.
Қўшимчасига, Германия айни вақтда ўз ҳудудида рус кимёвий қуроллари ишлаб чиқариш дастурига ҳам розилик билдирган. Германия ҳудудида ишлаб чиқарилаётган кимёвий қурол маҳсулоти натижасида британиялик оддий фуқаронинг вафот этиши ҳам катта резонанс келтириб чиқарди. Алексей Навальнийнинг мазкур қурол ёрдамида заҳарлашга бўлган уриниш эса кенг жамоатчилик тарафидан танқид ҳам қилинди.
АҚШ эса Германиядан ўзининг азалий иттифоқчиси сифатида ҳаракатлари ва мақсадларини бир қилишини кутмоқда. Бироқ бир тарафдан Байденнинг Германияни тартибга чақириб қўйиш борасидаги баёнотлари, бошқа тарафдан Германиянинг русларга нисбатан юритаётган сиёсати расмий Вашингтон ва расмий Берлин орасида тушунмовчиликларни юзага чиқарган. Шундай бўлсада, Байден ҳукумати «Шимолий оқим-2» лойиҳасининг иштирокчиларига иқтисодий жазо чоралари кўриш борасида Конгресс маъқуллаган қонунни имзолашни ортга суриб келмоқда. ОАВ Оқ уй ва Конгресга мазкур масала борасида савол ташлаётган бир пайтда АҚШ ҳукуматининг мулозимлари мазкур саволга аниқ жавоб беришда бош тортиб келмоқда. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин эса ғарблик иттифоқчиларига юзланар экан, улардан НАТО кучларининг истиқболи учун кўпроқ маблағ ажратишга ундаб келмоқда.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен АҚШнинг истиқболдаги ташқи сиёсати тамойилларини очиқлар экан, Хитой ҳукуматини кейинги йиллардаги асосий «диққат маркази» дея эътироф этди. У Хитойни бутун дунёдаги барқарор сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳалардаги ягона «рақиб» сифатида эътироф этди.
Шундай экан Байденнинг Греманияга нисбатан ишончсизлик руҳидаги баёноти жавобсиз қолмоқда ва Германия ўз ҳарбийларини Жанубий Хитой денгизига юборишга эришмоқда. Шу билан биргаликда Берлин расмий Пекинга немис ҳарбий кемалари Хитой қирғқоларидан 12 мил (19 км) масофада туришини ҳам маълум қилиб қўйди. Бу эса нега Байден асосий стратегик ҳамкор санаётган Германия АҚШга нисбатан бундай йўл тутмоқда деган саволларни юзага чиқармоқда.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади
Изоҳ (0)