Катта Фарғона каналида чўкиб кетган 13 ёшли спортчининг жасади топилди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 5 март куни соат 16:00 да Ўзбекистон туманининг «Беруний» маҳалла фуқаролар йиғини Алишер Навоий кўчасида яшаган 13 ёшли Умиджон Абдусатторов эҳтиётсизлик оқибатида Катта Фарғона каналида чўкиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тезкор қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган.
Маълум қилинишича, йигитчанинг жасади Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус минтақавий қидирув-қутқарув отряди ғаввослари томонидан ҳодиса содир бўлган жойдан 1 200 метр узоқликда 2 метр чуқурликдан топилган.
Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Нажмиддиновнинг маълум қилишича, Умиджон Абдусатторовнинг жасади 2021 йилнинг 8 март куни соат 12:00 да сув тубидан олиб чиқилган. Ҳозирда унга нисбатан белгиланган тартибда суд-тиббий экспертизаси тайинланмоқда.
Аввалроқ вилоятнинг Ёзёвон тумани Бўтқачи қишлоғида яшовчи 17 ёшли йигит 2020 йилнинг 22 декабрь куни ўзини Катта Фарғона каналига ташлагани, унинг жасади орадан 73 кун ўтиб топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)