АҚШ полициясига келиб тушган огоҳлантирувчи хабарлар ва разведка маълумотлари туфайли Вашингтондаги Капитолий биноси атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: EPA

«Қўлимиздаги маълумотларга асосланиб, хавфсизлик бўлими бир неча кун мобайнида, шу жумладан, 4 март куни хавфсизлик ва кадрлар тизимини кучайтириш бўйича тезкор чоралар кўришда давом этади», — дейилади Капитолий полициясининг Twitter’даги баёнотида.

Шунингдек, Вашингтондаги тартибни сақлаш учун қўшимча полиция ва Миллий гвардия зобитлари сафарбар этилиши, ҳамда Конгресс биноси атрофига тўсиқлар ўрнатилиши таъкидланган. Бундан ташқари, Конгресс аъзоларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун учта маҳаллий аэропорт ва темир йўл станциясига қўшимча кучлар жалб қилинади.

«Хавфсизлик бўлими 4 мартга оид ахборот ва разведка маълумотларидан хабардор ва барча ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда иш кўришни давом эттиради», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, QAnon фитна назарияси тарафдорлари собиқ президент Дональд Трамп 4 март куни инаугурациясини ўтказади, деб ишонмоқда, чунки мазкур сана 1933 йилга қадар президент инаугурацияси ўтказиладиган кун бўлиб келган.

Маълумот учун, Дональд Трампни қўллаб-қувватловчилар томонидан ташкил этилган «Американи қутқариш марши» номли норозилик намойиши иштирокчилари 6 январь куни пойтахт Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кирган эди. Трампни қўллаб-қувватлаш учун уюштирилган намойиш Капитолий штурми билан тугаган. Тўрт киши ҳалок бўлиб, яна бир неча киши тан жароҳати олган. Полиция ходимларидан бири воқеа қурбонига айланган.

Намойишчилар ҳужумидан кейин Капитолийни таъмирлаш учун 30 миллион доллар сарфланиши ҳақида хабар қилинган.