Rolls-Royce маркасининг флагман Phantom модели Tempus Collection номли янги махсус версияга эга бўлди. Гудвудлик дизайнерлар бой иллюминацияга эга интерьерни яратишда астрономик ҳодисалар ва коинотнинг чексизлигига мурожаат қилган, деб ёзади Motor.
«Космик» Phantom’нинг марказий элементини биринчи бор 1967 йилда Ердан 280 ёруғлик йили узоқлигида аниқланган турли космик нурланишлар манбаи бўлган пулсар ташкил этади. Седан салонида ушбу нейтрон юлдуз фирманинг «юлдузли шифти»да тасвирланган.
Шу билан бирга, седаннинг олд панелини жиҳозланиши вақт мавзусига бағишланган. Phantom Теmpus аналог соатлардан маҳрум бўлган: бу машина эгаси ҳар қандай вақт чекловларидан мустақил эканлигининг рамзи ҳисобланади. Алюминий «заготовка»дан 100 та «устун» қирқилган бўлиб, улардаги эгилишлар худди уч ўлчамли тасвирни ҳосил қилгандек. Мазкур сон ҳам бекорга танланмаган: пулсарнинг айланиш даври 100 миллион йилга тенг.
Phantom Tempus Collection’нинг эшиклари юзлаб «юлдуз»лардан иборат нур сочувчи нақшлар ва контраст чарм билан безатилган. Қўлқоп қутисига эса Альберт Эйнштейндан иқтибос туширилган: «Ўтмиш, ҳозирги замон ва келажак ўртасидаги фарқ — анча хира иллюзиядан бошқа нарса эмас».
Седан экстерьери учун Bespoke бўлинмаси алоҳида тўқ кўк — Kairos Blue бўёғини яратган бўлиб, у шаффоф минерал зарраларининг қўшилиши ҳисобига ялтирайди.
Эксклюзив версияга бонус сифатида ноёб аксессуар тақдим этилади — қўлда пулсар тасвири туширилган шампан қутиси. Унинг ичида бутилкани музлатишга мўлжалланган идиш, тоғ биллуридан тайёрланган тўртта бокал ўрин олган бўлиб, улар V12 моторининг цилиндрларини ёдга соладиган ҳолда терилган.
Phantom’нинг бошқа ўзига хос версиялари каби Tempus Collection ҳам чекланган тиражда — 20 нусхада тақдим этилади ва ҳозирда уларнинг барчаси ўз эгаларини топиб улгурган. Эксклюзив модель нархи ошкор этилмаган.
Изоҳ (0)