«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига Тошкент вилоятидаги чўчқа фермасида гўштини сотиш мақсадида итлар оммавий равишда отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар келиб тушди.

«Ҳаёт» уйсиз ҳайвонлар учун бошпана.

Фото: The Mag

Унда айтилишича, Тошкент вилоятининг Келес шаҳридаги чўчқа фермасида итлар гўштларини сотиш мақсадида оммавий равишда ўлдирилмоқда. Яқин атрофда яшовчи гувоҳлар чўчқа фермаси ҳудудидан ҳайвонлар овози тез-тез эшитилиб туришини тасдиқлаб, ҳудудда доим ёқимсиз ҳид борлигини, у ердаги ишчилар эса фермада айнан итлар ўлдирилишини яширмаслигини айтмоқда.

Мурожаат йўллаган шахс қасд олишларидан қўрқиб, исмини ошкор қилмасликни сўраган.

«Меҳр ва оқибат» жамияти Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ва прокурорига, шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғига ушбу ноқонуний фаолиятни тўхтатиш мақсадида мурожаатнома юборган.

Аввалроқ Ўзбекистон ФВВ бошпанасиз итлар отиб ташланиши тўғрисидаги хабарларни рад этган эди.