БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) Япония ҳукуматининг молиявий ёрдамида аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган рақамли инфратузилма ва хизматларни яратиш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига техник кўмак кўрсатди. Бу ҳақда «Gazeta.uz»га БМТТД матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликка маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идоралари ходимларининг электрон ҳужжат юритиш тизими билан ишлашини таъминлайдиган 100 та ноутбук ва роутер тақдим этилди.
Ушбу тизим вазирлик ва фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари орасида ахборот алмашинувини тартиблаштириш мақсадида 100 та маҳаллада жорий этилган бўлиб, маҳалла қўмиталари маъмуриятларининг кундалик ишларида синовдан ўтказилади. Қайд этилишича, бу маълумотларни қайта ишлаш вақтини қисқартириш ва шу орқали давлат хизматларини кўрсатишни тезлаштириш имконини беради.
Бундан ташқари, хабарда айтилишича, ҳозирда фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, зўравонликдан азият чеккан аёллар, малака ошириши лозим бўлган ишсиз фуқароларга ёрдам бериш ҳамда мақбул иш топишда кўмаклашиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вазирликнинг техник имкониятларини кенгайтириш учун ягона маълумотлар базаси ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу тизим қарорларни қабул қилиш бўйича ўрнатилган механизм томонидан фойдаланиш учун маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, шу орқали энг эҳтиёжмандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун устуворлик тартибини аниқлашга ёрдам беради.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш томон саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун БМТнинг бир қатор агентликлари ҳукуматга давлат ва хусусий молиялаштиришнинг янги шакллари билан мавжуд ресурслардан фойдаланадиган кенг қамровли молиялаштириш тузилмасини ишлаб чиқишда ёрдам бериш учун ўз кучларини бирлаштириши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)