Президент Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича 46-сессиясида чиқиш қилди. Ўзбекистон мазкур учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида биринчи маротаба иштирок этмоқда. Президент матбуот хизмати телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали трансляция қилинган нутқ матнини эълон қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва кенгаш доирасидаги фаолиятининг устувор йўналишларини санаб ўтган.

Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.

«2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган ‘ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик’ тамойили асосида амалга оширилади. Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Иккинчидан, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирилади.

Президентнинг сўзларига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказишни режалаштирилмоқда.

Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади.

«Яқинда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда. Биз имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этамиз», — дейди давлат раҳбари.

Тўртинчидан, аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келади. 2021 йил Ўзбекистонда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинган.

«Бу борада БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрмоқдамиз», — дейди Президент.

Бешинчидан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширган. «Бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди. 2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қиламиз», — дея қайд этади давлат раҳбари.

Олтинчидан, Президент «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф қилди. «Ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Еттинчидан, давлат раҳбари БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Таъкидланишича, биргина 2020 йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандош Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади.

«Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз», — дейди Президент. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, шу аснода нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларини алоҳида эътиборга олган. Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этган.

«Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир», — дейди Президент.

Шунингдек, давлат раҳбари қийноқларга қарши конвенциянинг Факултатив протоколини ратификация қилинишини маълум қилган. Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолади. Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишел Бачелет хонимнинг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Президент Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрлигини билдирган.