Янги турдаги коронавирусдан тўлиқ ҳимояланиш учун уч босқичли эмлаш талаб қилиниши мумкин, дейди Microsoft асосчиси Билл Гейтс. Унга кўра, вакцинанинг учинчи дозаси таркиби янги мутацияларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган бўлади. Бу ҳақда унинг CBS News телеканалига берган интервьюсига асосланиб, «Korrespondent.net» хабар берди.
«Айни пайтда ҳозирги эмлаш суръатини кенг қамровда олиб бориш керакми ёки мавжуд вакциналарнинг учинчи дозасини олиш керакми ёки бўлмаса, унинг такомиллаштирилган варианти керакми, деган мунозараларни олиб бормоқдамиз»— деди Билл Гейтс.
Гейтснинг таъкидлашича, коронавируснинг янги штаммлари АҚШга етиб боргунга қадар дунёда такомиллаштирилган вакциналар ишлаб чиқилади.
Қўшма Штатларда коронавирусга қарши аҳолини оммавий эмлаш аллақачон бошланган, аммо жараён ҳали суст кетмоқда. АҚШ президенти маъмурияти иш бошлаган кундан бошлаб, биринчи 100 кун ичида, яъни апрель ойининг охиригача 100 миллион дозада вакцинацияни амалга оширишга ваъда берган. АҚШда қўлланилаётган Moderna ва Pfizer/BioNTech вакциналарининг ҳар бири иккита дозадан иборат.
АҚШ коронавирусга чалинганлар ва касалликдан вафот этганлар сонининг кўплиги бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошидан бери АҚШда 27,8 миллиондан ортиқ киши инфекция юқтирган, 490 минг киши вирус қурбонига айланган.
Аввалроқ Билл Гейтс пандемиядан кейин инсоният дуч келадиган иккита хавф ҳақида огоҳлантирган эди. Биринчи таҳдид сифатида у иқлим ўзгаришини назарда тутган.Тадбиркор биотерроризмни инсоният учун иккинчи таҳдид деб санаган. «Зарар келтиришни истаган бирор киши вирусни ярата олади, демак, келажакда бунга дуч келишимиз эҳтимоли ҳозиргига ўхшаш табиий эпидемияларга қараганда юқорироқ», — деган эди Гейц.
Изоҳ (0)