Адлия вазири иштирокида 15 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Русланбек Давлетов жамият ривожланишига тўсқинлик қиладиган миллий анъаналардан воз кечиш кераклигини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

Фото: «Дарё»

«Бизда шундай одат борки, янги раҳбар ишга келганидан кейин дарров ўз хонасини ёки ташкилот биносини таъмирлашдан бошлайди, катта-катта пулларни харажат қилади. Мана, хизмат машиналарининг харажати бўйича қандай муаммолар туғиляпти?! Чет элга ёки вилоятларга қилинган сафарларнинг у ердаги харажатларини ким қоплайди? Бизнинг қадриятларимиз, қандайдир анъаналаримиз борки, меҳмондўстлик деймиз, бошқа деймиз. Совғалар беришни жуда яхши кўришади биздаги инсонлар. Янги йил бўлса, ҳамма совға ташишни бошлайди. Бу йил ҳам худди шуни кузатдик. Қашқадарёдан тандир келади, Хоразмдан гуруч келади, ҳамма ёқда шу жараён бўлиб кетади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, миллий анъаналар жамият ривожланишига тўсқинлик қиларкан, бу анъаналардан, албатта, воз кечиш керак. Ривожланишга таъсир қиляптими, йиллар давомида шаклланган анъанами, барибир воз кечишимиз керак. Қадрият бўлса ҳам, маданият бўлса ҳам, воз кечиш керак, деб ўйлайман. Меҳмондўстлик, ўзбекчилик, деган гаплар кўпинча салбий маънода ишлатилаётган ҳолатлар кузатиляпти. Аслида, ўзбекчиликнинг замирида беғубор ғоялар ётиши керак. Жамиятимизга хос бўлмаган одатлардан воз кечишимиз зарур», — деди Давлетов.